Тадбиркорлик мактабдан шаклланиши керак

10:30 - 28.06.2021

11

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга прокуратура органлари ҳам ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, ўтказилган ўрганишларда респуб­лика прокурори секторидаги 113 та маҳаллада 123 567 нафар ёшлар истиқомат қилиши аниқланди. Улар билан суҳбат ўтказилиб, 16619 нафари «ёшлар дафтари»га киритилди. Шундан 12843 таси ишсиз, 166 нафари уйга, 1122 таси ижтимоий ва психологик ёрдамга, 229 нафари тиббий ёрдамга, 2259 таси истеъмол кредитига муҳтожлиги аниқланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу ёшлардан 7060 нафари иш билан таъминланди, тадбиркорликни йўлга қўйиш истагини билдирган 225 кишига 9 млрд. 660 млн. сўм кредит, 5276 нафарига ер ажратилди.

Бундан ташқари, ишсиз ёшларни ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, уларнинг бизнес ташаббуслари, ғояларини руёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази»да 100 киши иштирокида семинар ташкил этилди. Бу каби тренинглар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиб келинмоқда. Бунинг натижасида айни кунга қадар 345 нафар ёш кредит олиш мақсадида тижорат банкларига ҳужжат топширди, шундан 155 нафарига 4,5 млрд. сўм имтиёзли кредит берилди.

Яна бир эътибор берадиган масала, 2018 йилдан бошлаб барча мактабларда 11-синфларга ҳафтасига бир соатдан «Тадбиркорлик асослари» фани ўқитиб келинмоқда. Мазкур дарслик таҳлил қилинганда ундаги мавзулар ҳозирги кун талабларига жавоб бермаслиги, бу фанларни география, биология, адабиёт муаллимлари ўқитиб келаётгани аниқланди.

Шу боис банк, солиқ, Давлат хизматлари агентлиги ва Савдо-саноат палатаси ўртасида қўшма қарор қабул қилиниб, 2021 йилнинг 1 февралидан бошлаб ушбу ташкилотлардаги тажрибали ходимлар шартнома асосида 11-синфларга «Тадбиркорлик асослари» фанини ўқита бошлади.

Ўйлаймизки, бу амалиёт ёшларимиз мактаб давридан бошлаб тадбиркорлик кўникмаларини ўрганишига, соҳага тегишли қонун талабларидан хабардор бўлишига ёрдам беради.