Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир

18:00 - 28.06.2021

22

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри замонавий қиёфа касб этиб бораяпти. Хусусан, Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 1-чорагида республика бўйича 19,6 трлн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Уларнинг 24,6 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келар экан.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 2 августдаги «Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чоратадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида ўзига хос сити(шаҳар)лар қурилиши режалаштирилган.

Очиғи, хонадонимни кенгайтириш орзусида юрганим боис уй билан боғлиқ эълонларни кузатиб бораман. Қатор эълонлар ичида «Династия» тураржой маж муаси ҳақидагиси эътиборимни тортди.

Пойтахтимизда қад ростлаган «Династия» тураржой мажмуаси рекламасида урф-одатлар, анъана ва сулола ҳақида чиройли сўзлар ишлатилган.

Дарҳақиқат, керакли барча шароити бор, оилангиз билан бахт ли ҳаёт кечиришга лойиқ уйлар – бундан ортиғи керак ҳам эмас, тўғрими?! Қурбингиз етса пулини тўланг, кўчиб киринг-да мазза қилиб яшайверинг. Таъкидлаш лозим, мазкур уйлар 20-30 йил аввал қурилганларидан анча фарқ қилади. Биргина мисол, камина айни пайтда истиқомат қилаётган тўққиз қаватли уйнинг биргина йўлагида 48 та хонадон жойлашган. Мана салкам қирқ йилдирки, шунча хонадонга биргина лифт хизмат қилади. Икки кун ишласа, бир ҳафта «дам олади». Ҳар сафар қўни-қўшнилар пул йиғиб, таъмирлатамиз. Айни пайтда қурилаётган уйлар эса учтўрт қаватли бўлгани ҳолда жаҳон стандартларига жавоб берадиган лифтлар билан жиҳозланган. Буларнинг барчаси фақат эътирофга лойиқ. Аммо четдан қараганда арзимасдек туюлган биргина ҳолат асаб торларини чертди. Нима учун унга айнан «Династия» дея ном берилди экан?! Ахир «династия» сўзининг таржимаси бўлмиш «сулола»нинг айтилиши ҳам осон, ҳам чиройли эшитилади-ку!

Майли, «династия» русча атама, таржимаси маълум, чидаса
бўлар! Аммо «Minerva»га нима дейсиз? «Wiston» ёки «Akay»-га-чи?! Бундай хорижий номларни пойтахтда қурилаётган тураржой мажмуаларининг яна анчасида учратиш мумкин.

Шу ўринда бир мисол келтирсак. Одатга кўра Кўкча даҳасида
яшовчини кўкчалик деймиз. Тасаввур қилинг: «Boracco»дан уй
олиб, кўчиб бордингиз. Энди сизни «boracco»лик дейишадими?
Маълум бўлишича, «Minerva» қадимги Римнинг донолик ва уруш худоси экан. Бироқ уруш худосининг ўзбек халқига, ўзлигимизу маънавиятимизга нима алоқаси бор дейдиган азаматнинг ўзи йўқ. Ёки «Wiston»ни олсак: у Буюк Британиядаги жойнинг номи бўлиб, шу ном билан аталувчи қаср ҳам бор экан…

Ваҳоланки, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 22-моддасида географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилиши белгилаб қўйилган. 2011 йилда қабул қилинган «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонун билан эса географик объектлар номларини қўллашнинг асосий принциплари юридик жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган бўлса…

Бундан ташқари, «Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисида»ги низомда мазкур департаментнинг асосий вазифалари кўрсатиб ўтилган. Жумладан, низомнинг «ж» бандига кўра илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хил қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш.

Аммо ҳозирча на қурилиш компаниялари мутасаддилари ва на департамент бу масалага жиддий эътибор қаратгани йўқ.
Шукурки, миллатимизга хос, тилимизга мос номлар билан аталган мажмуалар ҳам йўқ эмас. Масалан, «Лабзак», «Дўстлар», «Чоштепа», «Бодомзор», «Олмазор», «Манзара»… Номининг ўзиёқ аксариятининг қаерда жойлашганини билдириб турибди.

Халқимизда «Тарихсиз келажак йўқ» деган гап бор. Шунингдек, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ҳам «Ўткан кунлар» асарини «Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик дейдилар» дея бошлагани ҳам бежиз эмас. Ёшларимиз ҳам эрта бир кун ота-боболари яшаб ўтган жойларни фақат китоблар орқали эмас, жилла қурса тарихий номлари орқали таниб-билиб олсинлар.

Ўтмишини, аждодларини унутган, тарихдан сабоқ чиқармаган
халқнинг келажагини тасаввур қилиш қийин.

Ўзбекистон қадим тарихи, миллий анъаналари ва ўзига хос урф-одатлари билан дунё сайёҳларини ўзига жалб қилади.

Шу сабабли юртимизда сердаромад соҳалардан бири ҳисобланган туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хорижлик сайёҳлар учун халқимизнинг қадриятлари, анъаналари қизиқроқ эканини эътибордан соқит қилмаслик керак. Минглаб чақирим йўл босиб келганларидан кейин бу ерда шунчаки тақлид ва такрорни кўргач, уларда қандай таассурот қолишини ўйлаб кўрсак фойдадан холи бўлмас эди.

Ғофуржон АЛИМОВ,
«Huquq»

Тошкент шаҳрида қурилаётган тураржой комплексларидан айримларининг номлари

«Grand Akkurgan Resident» – Буюк Оққўрғонлик.
«Sky Builds» – Самовий бинолар.
«Infinity Luxury Residence» – Ҳашаматли тураржой.
«Greenwich» – Гринвич (Англиядаги ҳудуд).
«Skyline Towers» – Уфқдаги миноралар.
«Legenda» – Афсона.
«Boulevard» – Ҳиёбон.
«Family Garden» – Оилавий боғ.
«Premier House» – Биринчи хонадон.
«Parkent Avenue» – Паркент ҳиёбони.
Milano – Милан (Италиядаги шаҳар).
«White House» – Оқ уй.
«Eco Dream» – Эко орзу.
«Triumf» – Тантана.
«River House» – Дарё уй.
«Aristocrat Home» – Зодагонлар уйи.
«New Life» – Янги ҳаёт.
«Greenpark» – Яшил парк.
«Nova garden» – Янги боғ.
«Renommee» – Обрў-эътибор.
«Silk Road» – Ипак йўли.
«Manhattan» – Манхэттен (Нью-Йоркдаги даҳа).
London – Лондон (Англия пойтахти).
«Riverside» – Дарё бўйи.
«Hi-Tech House» – Hi-tech уй.
«British House» – Британча уй.

Мазкур номларнинг маъносига аҳамият берган бўлсангиз, аксарияти ўзбек тилида ҳам бинойидек жарангламоқда! Шундай экан, юқорида қайд этилганидек, уларни ўз тилимизда номласак, тўғрироқ бўлар эди. Сиз нима дейсиз?