Сайёр қабул: қарорлар ижросидан, коммунал соҳагача

16:30 - 25.06.2021

22

Давлат раҳбарининг топшириғи асосида Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исламов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи таркибида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори Шуҳрат Узаковнинг Самарқанд вилояти бўйлаб сайёр қабуллари Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида бўлиб ўтди.

Хусусан, Тойлоқ туманида ўтказилган сайёр қабулда Тойлоқ, Жомбой, Булунғур ва Ургут тумани аҳолисининг арзи тингланиб, муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Уч кун давом этган қабулда фуқаролардан тергов ва суриштирув, суд қарорлари, суд қарорларининг ижроси, маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдорларининг ҳаракатлари, ижтимоий-иқтисодий масалалар, уй, моддий ёрдам, қурилиш, коммунал ва бошқа соҳалар бўйича 160 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Мурожаатларнинг 4 таси жойида ҳал қилинди, 38 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий маслаҳат берилиб, қонун талаблари тушунтирилган бўлса, 119 та мурожаат қўшимча ўрганишни тақозо этгани сабабли назоратга олинди.

Шу билан бирга, оммавий қабуллар якуни бўйича мутасадди раҳбарларга назоратга олинган ҳар бир мурожаатни ўз вақтида, қонун доирасида кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди.