Қалбаки ҳужжат билан росмана савдо

13:00 - 25.06.2021

14

Шуманай тумани прокуратураси қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган қонунчилик ижросини ўрганиш жараёнида қатор қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.Ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри туман филиали бошлиғи лавозимида ишлаган Б.Алламуратов хизмат вазифасидан ғараз мақсадда фойдалангани аён бўлди.

Бу шахс туман қурилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи К.Отамуратов билан тил бириктириб, ҳоким қарори ва бошқа расмий ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳамда Қ.Мамбетмуратов исмли фуқарога ер фонди захирасидаги 0,04 гектар майдонни уй қуриш учун олиб беришини ваъда қилган. Қалбаки қурилиш паспортини тайёрлаб бериш эвазига ундан 2,5 млн. сўм пулни олиб, 1 млн. сўмини ўзига қолдирган ва қолганини К.Отамуратовга берган.

К.Отамуратов еса таниши А.Матирзаев билан тил бириктиради ва юқорида қайд этилган усулда унга туман ер фонди захирасидаги 0,04 гектар майдондан уй қуриш учун қалбаки қурилиш паспортини тайёрлаб беради.

Бу ҳаракатлари учун уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан жазо чоралари тайинланди.