Алимент тўловчининг ижтимоий аҳволи оғир бўлса…

11:00 - 25.06.2021

13

Навоий вилояти прокуратураси органлари томонидан суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бюронинг вилоят бошқармаси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда гуруҳлар тузилиб, алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ва алимент тўловчилар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Бу жараёнда уларга оила ва фарзанд олдидаги масъулият ҳамда қонунда белгиланган жавобгарлик чоралари акс эттирилган материаллар тарқатилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди.

Хатловдан олдин ҳисоботларда алимент ундириш ҳақидаги 10862 та ижро иши бўйича 8506 нафар алимент тўловчининг 4351 таси ишсиз деб кўрсатилган бўлса, хатлов давомида уларнинг 81 нафари 1- ва 2-гуруҳ ногирони, 308 нафари пенсияда эканлиги, 434 таси ишлаётгани, ишсиз алимент тўловчилар аслида 3528 нафарлиги аниқланди. 823 нафар қарздордан алиментни уларнинг иш ҳақи ва пенсияси ҳисобидан ундириш таъминланди.

Гуруҳлар томонидан 3528 нафар ишсиз алимент тўловчидан 522 тасининг ижтимоий аҳволи оғирлиги, 3006нафари кунлик даромад манбаига эгалиги аниқланиб, уларнинг рўйхати тузилди ва бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда режа ишлаб чиқилди. Ушбу жараёнда асосий эътибор алимент тўловчиларнинг тўлов қобилиятига эга бўлиши ва қарзини ўз вақтида тўлаб боришини таъминлашга қаратилиб, 365 нафари ишга жойлаштирилди, 19 тасига 332,7млн. сўм кредит олишида, 239 кишига 487,8млн. сўмлик алимент қарзини ундиришида ёрдам кўрсатилди.

Мисол учун Навбаҳор тумани Учтут маҳалласида яшовчи Х.Эргашевга «Сармишсой келажаги» фермер хўжалигидан 10 қути асалари олиб берилиб, асаларичилик билан шуғулланишига шароит яратилди. Шу маҳаллада яшовчи К.Назаровга ҳуқуқий тушунча берилиб, оиласи тикланди ва унга оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун банкдан 28 млн. сўм кредит олишига кўмаклашилди.