Тадбиркорлар темир йўлда ҳам таланди

16:00 - 24.06.2021

47

Ховос транспорт прокуратураси Тошкент минтақавий темирйўл узели тизимидаги бекатларда корхона ва ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларига темирйўл хизматлари кўрсатилишида қонунларга риоя қилиниши, шунингдек, короновирус пандемияси даврида уларни қўллаб-қувватлаш бўйича берилган имтиёзлар қўлланишини ўрганганда айрим қонунбузилишлар аниқланди.

Соҳада ишлар тўғри ташкил этилмагани натижасида Гулистон, Боёвут, Оқолтин ва Сирдарё темирйўл бекатлари масъул ва мансабдор шахслари ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган. Ходимларнинг фаолияти етарлича назорат қилинмаган, ишлар буйруқ ва йўриқномалар талаблари асосида юритилмаган. Бу эса охир-оқибат тадбиркорлар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келган.

Жумладан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раисининг 2007 йил 28 декабрдаги юкларни суғурталаш тўғрисидаги буйруғига асосан тадбиркорлар юк ортаётганда, юкларни ташиётганда самарадорликни ошириш ҳамда юкларга етказилиши мумкин бўлган зарарни қоплаш мақсадида «Темирйўллар-суғурта» агентлиги билан ҳамкорлик белгиланган бўлиб, агентлик келишувига кўра суғурталаш ишлари бекатларда ғазначилар томонидан амалга оширилган. Ғазначилар эса тадбиркорлардан асоссиз равишда суғурта учун ортиқча тўлов ундиришган.

Масалан, Гулистон темирйўл бекати томонидан 2020 йил ҳамда 2021 йилнинг январь ойида расмийлаштирилган ҳужжатлар ўрганилганда, «Бахтиёр Назир ҳамкор», «Ҳабибулло ота», «Мирзаобод аср фаровон» каби бир қатор МЧЖлар, «Сирдарё ҲЭТК» АЖ ва «Тоза ҳудуд» ДУКлардан 1107 та вагонга юкларни ортиш ва ташиш учун суғурта пули ундирилган. Бироқ бекат ғазначиси Ф.Убайдуллаева асоссиз равишда мазкур вагонларда келган юкларни бекатда тушириш учун ҳам суғурта полислари орқали 54 млн. 900 минг сўм ортиқча пул олган.

Шу каби Боёвут темирйўл бекати ғазначиси В.Абдураззоқов 7 та вагон учун 1 млн. 400 минг сўм,  Оқолтин темирйўл бекати ғазначиси М.Бобоева 303 та вагон учун 10 млн. 100 минг сўм ва Сирдарё темирйўл бекати ғазначиси Б.Маъруфова 1186 та вагон учун 13 млн. 345 минг сўм пулни асоссиз равишда тадбиркор ва корхоналардан ундирган. Прокуратуранинг аралашуви билан ортиқча ундирилган 79 млн. 745 минг сўм пул тадбиркорларга қайтарилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.