Мураббийлар маошига муносибми?

11:30 - 24.06.2021

11

Футбол бўйича Европа чемпионатида Россия терма жамоасининг Бельгияга ютқазиши аламли бўлди. Шу сабаб бўлиб бир нарса мухлисларнинг эътиборини тортди. Станислав Черчесов рақиб мураббийига қараганда икки баравар кўпроқ маош олар экан.

Хўш, «Евро-2020» иштирокчилари бўлган бошқа терма жамоаларнинг мураббийлари қанчадан даромад қилишади?

Аслида бировнинг чўнтагидаги пулни санаш яхши эмас дейишади. Лекин мавзу кўпчиликни қизиқтирса илож қанча? Яхшиси, ким қанча ишлаб топишига ўзингиз баҳо беринг. Ҳисоблашни пастдан юқорига қараб бошлаймиз.

10. Роберто Мартинес (Бельгия) – 1,2 миллион евро. Испаниялик мутахассис 2016 йил август ойидан буён Бельгия терма жамоасига бошчилик қилади. Бельгия футболчилари унинг раҳбарлигида 2018 йилги жаҳон чемпионатида бронза медалга сазовор бўлишган, ФИФА рейтингида унга тенг келадигани йўқ. Европа чемпионатларида эса жамоанинг омади чопмаяпти. У 2004, 2008 ва 2012 йилларда ҳатто саралашдан ҳам ўтолмаган. 2016 йилда чорак финалда Уэльсга ютқазиб, чемпионатни тарк этган. Бу сафар де Брюне ва жамоадошларининг иштаҳаси карнай: ғолиб бўлишга умид қилишаяпти.

9. Владимир Петкович (Швей­цария) – 1,32 миллион евро. 2014 йилги жаҳон чемпионатидан кейин Петкович Швейцария терма жамоаси мураббийи бўлди. Бунга қадар «Лацио»ни бошқарган мураббий икки йилдан кейин яхши натижа қайд этди. У терма жамоани «Евро-2016»нинг плей-оффига олиб чиқди. Швейцарияликлар чорак финалда Польшага бас келолмай, майдондан бош эгиб чиқиб кетишди. Орадан икки йил ўтиб Петкович жамоани 2018 йилги жаҳон чемпионати плей-оффига олиб чиқишни уддалади. Аммо яна чорак финалдан қайтди – жамоа Швециядан мағлуб бўлди. 2018/2019 йиллардаги Миллатлар лигаси мавсумида Петкович терма жамоани ярим финалга олиб чиқди, лекин бу босқичда Португалия ундан устун келди. 

8. Луис Энрике (Испания) – 1,5 миллион евро. Энрике 2018 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг Испания терма жамоаси билан икки йиллик шартнома тузди. Орадан бир йил ўтгач, жамоани тарк этди, унинг ўрнига ёрдамчиси Роберто Морено тайинланди. Оиласидаги мусибатдан кейин ўзини ўнглаб олган (Луиснинг қизи вафот этганди) Энрике яна миллий терма жамоа бош мураббийи лавозимига қайт­ди. Бу вақтга келиб жамоа Морено бошчилигида «Евро-2020» йўлланмасини қўлга киритиб бўлган эди. Бу йил кузда эса Испания Миллатлар лигаси ярим финалида Италияга рўбарў бўлади. Мазкур Европа чемпионати Энрике учун дастлабки катта турнир саналади.

7. Роберто Манчини (Италия) – 2 миллион евро. 2018 йилдан терма жамоа жиловини қўлга олган Манчини илгари Санкт-Петербургнинг «Зенит»ини бош­қарганини мухлислар яхши билишади. Италияликлар Манчини бошчилигида «Евро-2020» саралаш ўйинларининг барчасида (10 та) ғалаба қозонди. Шунинг­дек жамоа Миллатлар лигасида ҳам биринчи ўринни эгаллаб, ярим финалга чиқди.  Бир ой аввал Манчини федерация билан янги битим имзолади. Унга кўра мутахассис беш йил давомида йилига 3 миллион евродан даромад қилади.

6. Фернанду Сантуш (Португалия) – 2,25 миллион евро. Сантуш Португалия терма жамоасини 2014 йилдан бери бошқариб келмоқда. 2016 йилги Европа чемпионатига чиқиш йўллари Португалия учун паст-баландликлардан иборат бўлди. Саралашнинг дастлабки ўйинидаги мағлубият бош мураббий муаммосини келтириб чиқарди. Унинг ўрнини Сантуш эгаллади. Қолган ўйинларда жамоа жуда зўр ўйнади дейиш қийин. «Евро-2016»да Португалия гуруҳ ўйинларини Венгрия, Исландия, Австрияга қарши ўтказиб, барчасида дуранг қайд этди.  Кейин эса ғолибона одим бошланди. Хорватия, Польша, Уэльс терма жамоалари мағлуб этилди, финалда эса Франция рақиби олдида ожиз қолди. Шу тариқа Португалия Европа чемпионига айланди. Дарвоқе, Сантуш раҳбарлигида Португалия Миллатлар лигаси чемпионлигини ҳам қўлга киритди (ўйинни Нидерландия  0:1 ҳисобида бой берган).

5. Станислав Черчесов (Россия) – 2,5 миллион евро. У терма жамоани 2016 йил августдан буён бошқармоқда. Унинг жамоа­си Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида чорак финалгача етиб борди. Бу мухлисларни овунтирадиган ягона ширин хотира, холос. 2017 йилги Конфедерация кубогида руслар гуруҳдан чиқа олмади, Миллатлар лигасининг иккала мусобақасида ҳам иккинчи ўрин билан кифояланиб, юқори гуруҳга йўлланмани ололмади. Сербиядаги аламли мағлубият (0:5) ўти эса ҳамон ўчгани йўқ. «Евро-2020»даги дастлабки мағлубият оловга мой сепгандек бўлди. 

4. Гарет Саутгейт (Англия) – 3 миллион евро. У 2013 йилдан 21 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган Англия терма жамоасида меҳнат қилди. 2016 йилга келиб, бош терма жамоа мураббийлиги унга ишониб топширилди. «ЖЧ-2018»да инглизлар кейинги 28 йилдаги энг яхши натижани қайд этди – ярим финалга чиқиб, тўртинчи бўлишди. 2018\2019 йилларда Миллатлар лигаси ярим финалида Нидерландияга имкониятни бой берди, лекин Швейцарияни енгиб, бронза медал соҳиби бўлди.

«The Times»нинг ёзишича, энг қиммат таркибга эга бўлган инглизлар «Евро-2020»да ғолиб бўлиш иштиёқида. Бу мақсад руёбга чиқмай қолган тақдирда ҳам Саутгейт 2022 йилги жаҳон чемпионатига қадар лавозимини тарк этмайди.

3. Франк де Бур (Нидерландия) – 3 миллион евро. Де Бур Нидерландия терма жамоасини яқинда – 2020 йилнинг сентябрида қабул қилиб олди. Охирги йилларда нидерландлардан омад юз ўгирди. Жамоа «Евро-2016» ва «ЖЧ-2018» финал босқичларига ҳам чиқа олмади, 2018\2019 йиллари Миллатлар лигаси финалида мағлубиятга учради. Европа чемпионатларида қатнашиш бобида де Бур катта тажриба тўплаган – ўйинчи сифатида уч марта бронза медалга сазовор бўлган. У тажрибасини ёшларга ўргатса ажабмас. Бу таж­риба ҳозирги «Евро-2020»да Нидерландияга қўл келармикин?

2. Дидье Дешам (Франция) – 4,39 миллион евро. Дешам «Евро-2012»дан кейин терма жамоага бош мураббий этиб тайинланди. Бу мураббий бош­чилигида Франция 2014 йилги жаҳон чемпионатида чорак финалгача етиб борди, ўзи мезбонлик қилган «Евро-2016» финалида ютқазди. Россияда бўлиб ўтган 2018 йилги жаҳон биринчилигида чемпионликни қўлга киритди. Франция давом этаётган Европа чемпионатида рақибларидан ўч олиш иштиёқида ёнаётганини тушунса бўлади. Франция терма жамоаси энг қиммат таркиблардан бирига эга (1 миллиард евродан ортиқ). 

1. Йоахим Лёв (Германия) – 4,75 миллион евро. «ЖЧ-2006»дан кейин Лёв бундестим бош мураббийи Юрген Клинсманнинг ўрнини эгаллади. Шундан сўнг унинг ғолибона одими бошланди. Йоахим 15 йил давомида юксак чўққиларни забт этди – 2014 йилда жамоаси жаҳон чемпиони бўлди, кумуш ва бронза медаллар шодасини қўлга киритди.

«ЖЧ-2018» финал босқичига чиқа олмаганлик Германиянинг ягона муваффақиятсизлиги бўлди. Миллатлар лигасидаги нурсиз, бўш ўйинларни эса бундес­тим бу турнирга жиддий қарамаслиги билан изоҳлаш мумкин. Қандай натижага эришишидан қатьи назар «Евро-2020» Лёвнинг терма жамоадаги охирги кўрсаткичи бўлади.

Интернет хабарлари асосида

Бахтиёр назаров тайёрлади