«Чақирилаётган абонент аппарати ўчирилган»

17:30 - 23.06.2021

29

Ўша куни уйда онам, мен ва укам учаламиз қолдик. Бир пайт онам мени ошхонага судраб олиб кирди, дастлаб Оёққўлларингни боғлаб, газни очиб кетаман» деб қўрқитди.
Кейин қўлига болға олиб, у билан бошимга уриб ташлади. Мен йиғладим. Кейин у бўйнимнинг орқа томонига пичоқ билан урди ва «Уйни ёқиб юбораман» деди… (ўз онаси қийнаган қизалоқнинг терговда берган кўрсатмасидан).

Савол

Қизиқ, ёш онанинг норасида фарзандига бу даражада аёвсиз
озор беришига нима сабаб бўлди экан?

Тўрабек 2009 йилнинг кузида ўзи билан бир маҳаллада яшовчи Зулайҳо исмли қизга уйланди. Орадан йиллар ўтиб, бирин-кетин фарзандлар дунёга келди. Шу орада эр-хотин маслаҳатлашиб, ота онасидан алоҳида уйга кўчиб ўтишга қарор қилди.

Тўрабек қўлида ҳунари бор йигит. Хонадонларда қурилиш ишлари билан шуғулланарди. Кимга уй қурарди, кимга девор, яна кимгадир бошқа ишларда ёрдамлашиб, рўзғорини тебратарди.

Телефон сабаб…

Афсуски, ушбу хонадондаги осуда ҳаёт аста-секин ўзгара бошлади. Эр-хотин ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Бунга асосий сабаб эса Зулайҳодаги ўзгариш лар эди. Яъни у сўнгги пайтларда кўп вақтини телефонда ўтказар, бўлар-бўлмас баҳона билан тез-тез кўчага чиқар, рўзғор ишларида эса аввалгидек жонкуярлиги кўринмасди.

Тўрабек турмуш ўртоғидаги бу ўзгаришларни сезса ҳам аввалига ёмон хаёлга бормади. Фақат бир-икки марта танбеҳ бериб, қадамини билиб босишини тайинлади.

Сафар

Бир куни Тўрабек Тошкент шаҳрига ишлашга кетди. Зулайҳо икки фарзанди билан уйда қолди. Тўрабек оиласини ўз ҳолига ташлаб қўймади. Ҳар куни аёлига қўнғироқ қилиб, хабар олиб турди, зарур бўлганида рўзғор учун пул жўнатди. Хуллас, бу масалада Тўрабек кўнглини хотиржам қилиб, ишида давом этарди.

Аммо бу ердаги аҳволнинг ўзгача тус олаётгани ҳали ҳаммага
ҳам аён эмасди. Яъни маҳалладаги айрим одамлар орасида Зулайҳонинг юриш-туришига оид турли гап-сўзлар пайдо бўла бошлаганди. Фақат ҳали исботланмаган бу гаплардан Тўрабек бехабар, унинг яқинлари эса хабардор эди.

Тунги қўнғироқ

Ўша куни Тўрабек ухлашга ётганди. Соат учларда телефон қўнғироғидан уйғонди. Қараса, қўнғироқ турмуш ўртоғи Зулайҳодан. Турли хаёлга бориб телефонни олса, нариги томондан турмуш ўртоғи эмас, бир эркак кишининг овози эшитилди. Тўрабек унинг кимлигини неча бор сўраса ҳам жавоб ололмади. Табиийки, не хаёлларга бориб аёлининг рақамини терди. Лекин нариги томондан уяли алоқа операторининг «Сиз қўнғироқ қилган телефон аппарати ўчирилган» деган овозидан бошқа ҳеч қандай жавоб бўлмади. Тўрабек минг хил хаёллар билан тонг оттирди. Эрталаб ишхонасидан рухсат олди-да, таксига ўтириб, ўн тўрт соатда уйига етиб келди…

Ажралиш

Тўрабек ўзини безовта қилган тунги қўнғироқ масаласида аёли билан қанча баҳслашмасин, барибир тагига ета олмади. Яъни, Зулайҳонинг айтишича, телефон тугмалари бехосдан босилиб кетган ва Тўрабекка у телевизор орқали кўраётган кинофильмдаги эркак овози эшитилган…

Хуллас, ушбу можаро узоққа чўзилди. Эр аёлининг «хиёнати»- ни исботлаёлмади. Чунки Зулайҳо биринчи жавобидан нарига ўтмади. Бу орада Зулайҳонинг юриш-туриши билан боғлиқ бошқа гап-сўзлар ҳам ўртага ташланди. Хуллас, Тўрабек ушбу можаролардан сўнг ўн йил бирга яшаган турмуш ўртоғи билан ажрашишни афзал деб билди ва шу пайтдан бошлаб укасининг уйига бориб яшашга қарор қилди.

Жиноят

Афсуски, шунча гап-сўзга қолган Зулайҳонинг ҳаёти ҳавас қилгудек эмасди. Боиси шуки, у атрофида бўлаётган воқеалар, оиласининг бузилаётгани ҳақида ўйларди. Қийналарди, йиғларди. Бу эса
вақт ўтиши билан унинг руҳиятига таъсир ўтказди.

Шу куни Зулайҳо икки фарзанди билан уйда эди. Ҳар кунги одатига кўра улар билан чой ичди, овқатланди. Бир пайт ҳеч бир сабабсиз тўнғич қизини урушиб берди. Сўнг уни ошхонага киритиб, «уканг билан икковингизни боғлаб, газни очиб кетаман» деди. Кутилмаганда қўлига токчада турган болғани олиб, қизининг бошига солди. Бу билан чекланмай, қизининг бўйни орқасига пичоқ урди…

Жазо

Яхшиямки, воқеадан хабартопган қўни-қўшнилар қизни вақтида касалхонага етказишди. Бир неча жойидан оғир жароҳат олган қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳали мактабга ҳам бормаган ўз фарзандини оғир аҳволга солган Зулайҳога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан у 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилди.

Рахман САНКИБАЕВ,
Амударё тумани прокурорининг
ўринбосари
Парахат ҲАБИБУЛЛАЕВ,
«Huquq»