Беш ойда 159 та жиноят

15:30 - 23.06.2021

6

2021 йилнинг беш ойи давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 159 та жиноят ва 76 та маъмурий ҳуқуқбузарлик фош этилди.

Жумладан, «Тахиатош нефт базаси» МЧЖнинг Қўнғирот филиали ҳамда филиалга қарашли «Хоразм» фермерларга ёқилғи тарқатиш шохобчаси мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг жиноятга қўл ургани аниқланди. Улар «Жайна-Жасил», «Қўнғиротли Элнур» ҳамда «Азамат Аллашукур» фермер хўжаликларининг жами 62,7 млн. сўмлик 11 минг литр дизель ёнилғисини талон-торож қилган. Ҳужжатларда эса фермерларнинг ёнилғи олгани ҳақида имзо қўйиб юборишган экан.

Шунингдек, департаментнинг прокуратура ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирларининг бирида фуқаро Ж.И., Х.Ж. ва Х.У.нинг жиноятига чек қўйилди. Аниқроғи, улар тил бириктирган ҳолда фуқаро Т.Б.нинг ишончига кириб, унинг танишини республикадаги олий ўқув юртларининг бирига 5000 АҚШ доллари эвазига ўқишга киритишни ваъда қилган. Улар 2021 йилнинг 9 май куни Т.Б.дан 3000 доллар ва 20 млн. сўм пулни олган пайтда ушланди.

Келтирилган ҳолатлар бўйича айбдорларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилди.