Самарқандлик киберфирибгар

10:30 - 22.06.2021

8

Бобур (исмлар ўзгартирилган) кўпдан бери пойтахтдаги бозорлардан биридаги пайнет шохобчасида ишларди. Пандемия сабабли иши юришмай Самарқандга қайтишга мажбур бўлди. Кундалик харажатларга пул керак. Бобур бировларнинг пулини осонгина қўлга киритишни режа қилди. Бирор-бир соддани топиб, пластик картасидаги пулни ўғирлашни ўйлаган йигит банк филиалига келди.

… Фароғат ўша куни Даҳбед кўчасидаги «Ипак йўли» банкига келиб ўзига «Visa» картаси очтирди. Шундан сўнг картани телефон аппаратига улаб беришларини илтимос қилди. Банк ходими озроқ кутиб туришини айтди. Бироз вақт ўтгандан сўнг ҳам картани улаш имкони бўлмади. Бобур вазиятни кузатиб ўтирганди, кутиб ўтирган аёлнинг олдига келди. Ўзини Икром деб таништириб, шу банкда дастурчи бўлиб ишлашини, истаса ёрдамлашишини айтди. Фароғат хурсанд бўлиб қўлидаги телефони билан картани йигитга узатди.

Бобур қандайдир кодларни териб:

– «Visa» картасига 20 АҚШ доллари ташлаш керак, – деди. Фароғат қўлидаги «Ҳумо» картасини берди. Вазиятдан фойдаланган Бобур аёлнинг картасидаги 600 000 сўм пулни отасининг пластик картасига ўтказиб олди.

Ўзганинг ҳақидан қўрқмайдиган Бобур аёлни алдаб жами 2 790 000 сўм пулини ечиб олди.

Бошқа куни Толиб пластик картасидаги пулни нақдлаштириш учун банкоматга келди. Банкомат экранидаги ёзувларни аниқ кўролмаганидан сал нарида турган Бобурдан ёрдам сўради. Пластик картаси банкоматга солиб яна қайтариб чиқарган йигит «Ишламаяпти» деди. Сўнг шу атрофдаги «Халқ банки»нинг филиалидаги банкоматга бориб, яна бир неча марта уриниб кўриб, ишламаяпти деб Толибга пластик картасини қайтарди.

Уддабурон йигит Толибнинг пластик картасига ёзилган рақамларни ва қанча пул борлигини эслаб қолганди. Кейин эслаб қолган код орқали пластик картани телефонига улаб олди. Шундан сўнг унга пластик картани қайтариб, «банкомат ишламаяпти» деб ёлғон гапирганди. Толиб кетганидан сўнг унинг пластик картасидаги 603 000 сўм пулни ўзининг картасига ўтказиб олди.

Бобур Жомбой туманидаги «Халқ банки» олдидаги банкоматга борди. Нақд пул оламиз деб турганларга ёрдам бериб, бирма-бир пулларини нақдлаштириб берди. Вазиятдан фойдаланиб, 1 200 000 сўм пулини нақдлаштириб берган аёлнинг карта рақамини эслаб қолди. Кейин унинг ҳам қолган 1 494 000 сўм пулини ўзининг пластик картасига ўтказиб олди.

Булунғур туманидаги “ов” баракали бўлди, 3 472 000 сўмни ўзлаштирди.

Кўп ўтмай Бобурнинг қилмишлари фош бўлди. У жабрланувчиларга етказган зарарни тўлиқ қоплаб берди. Судда жабрланувчилар ҳам унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришди. Шундай бўлса-да, жиноят жазосиз қолмайди.