Мадинага ким суянч бўлади?

12:30 - 22.06.2021

9

Таҳририятга турли мазмундаги хатлар келиб туради. Уларнинг бирини ўқиб хурсанд бўласиз, иккинчисидан эса изтиробга тушасиз. Шаҳрисабзлик Мадина Ҳазратқуловадан келган хат ана шу иккинчи тоифага кирувчи мактублардан эди.

Таҳририятга келган хатдан:
«Ҳурматли таҳририят ходимлари. Битта фарзандим бор. 2014 йилда туғилган. Бу йил мактабга боради. Отаси 230 минг сўм алимент беради. Ҳеч қаерда ишламайман, ишлай десам иш тополмадим. Қайси ташкилотга учрашсам, эрта келинг, индин келинг деб роса сарсон қилишади. Яшашга уйим йўқ, ижарада тураман. Шаҳрисабз шаҳридаги Ипак йўли маҳалласига мурожаат қилганимда раис Мавлуда Йўлдошева «пахтага борсанг, 0,02 гектар ер олиб бераман, уй қуриб оласан» деб ваъда берган эди. Мен 2018 ва 2019 йилларда пахта теримида қатнашдим. Лекин М.Йўлдошева ваъдасида турмади. Шаҳрисабз шаҳар прокуратурасига шу масалада ариза билан мурожаат қилган эдим. Улар ишингизни ўрганиб чиқдик, судга оширамиз деб ваъда беришди. Лекин амалда ҳеч нарса қилиб беришмади.

Маҳалла раиси бермаган ери учун мени алдаб 2019 йилда «Ер олдим, шаҳар типига мослаб уй қураман» деган мазмунда тилхат ёздириб олганининг сабабини ҳалигача тушунолмайман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ҳам икки марта мурожаат қилдим. Шаҳар ҳокимлигининг масъул ходимлари келиб, мени алдаб, тушунтириш хати ёздириб олишди…».

* * *

Ҳақиқий аҳвол билан танишиш мақсадида Шаҳрисабз да бўлдик. Ҳоким маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Улуғбек Собиров ҳамроҳлигида масаланинг моҳиятини ўрганишим мумкинлигини айтди.

Улуғбек билан Ипак йўли маҳалласига бориб, раис Мавлуда Йўлдошевага учрашдик. У Мадинанинг қаерда яшашини билмаслигини, у 2011 йилда синглиси Фароғатни ҳам олиб, онаси Маҳфуза опага «Уйингизни елкамнинг чуқури кўрсин» деб чиқиб кетганини, онаси саратон касалига чалингани, ҳозир аҳволи оғирлигини, буни эшитиб уйга эгалик қилиш мақсадида Мадина онасини кўргани озгина егулик олиб келганини, онаси билан гапи чап тушиб қолгач эса олиб келган нарсасининг пулини онасидан олиб чиқиб кетганини айтди. Бу гапни Мадинанинг синглиси Фароғат
ҳам кўзида ёш билан тасдиқлади. Опани кўриш ва у билан суҳбатлашиш учун кирмоқчи эдик, маҳалла раиси «аҳволи жуда оғир,
сизларнинг борганингизни ҳатто билмайди ҳам» деганидан кейин
фикримиздан қайтдик.

Мавлуда Йўлдошева 2019 йил май ойидан буён маҳалла раиси экан. Опа «Мадина 2019 йилда биздан эмас, Наматон маҳалласи ҳисобидан пахтага борган. 2018 йилда мен маҳалла раиси эмас эдим. Пахтага борганларга уй қуриш учун ер ажратиш ҳақида ваъда берилгани рост. Лекин 2020 йилнинг январидан туман ва шаҳар ҳокимларининг уй қуриш учун аҳолига ер ажратиш ҳуқуқи бекор қилиниб, ерлар аукцион орқали сотила бошлагани сабаб Мадинага ўхшаган кўплаб фуқароларга берилган ваъда бажарилмай қолиб кетди» деди.

Мадина Ҳазратқуловани топиш осон бўлмади. Улуғбек Собиров ва Ипак йўли маҳалласи инспектори Анвар Азизов ҳамроҳлигида суриштира-суриштира уни Маърифат маҳалласидаги Равнақ кўчаси 18-уйдан топдик. У турган жойни уй ҳам деб бўлмайди аслида. У турган жой Қодир бобо Назаров болалари учун олиб қўйган жойда вақтинча қурилган кулба экан. У ерга бориш учун на йўл бор, на йўлак, на ҳовли девори бор. Пули тўланмагани учун электри ҳам узиб кетилган.

Мадинанинг таъкидлашича, ота-онаси бундан бир неча йил илгари ажрашиб кетишган ва ҳовлини сотиб, кўп қаватли уйлардан иккаласи иккита хонадон олишган. Отаси Фарҳод Ҳазратқулов бошқа аёлга уйланган ва алоҳида яшайди.

Мадина хатда Шаҳрисабз шаҳар прокуратурасига ҳам мурожаат қилганини таъкидлаган эди. Шу боис прокуратурага бориб, унинг аризаси билан танишдим.

Прокуратурада М.Ҳазратқулованинг мурожаати юзасидан терговга қадар текшириш хулосасидан нусха беришди. Унда шундай дейилади: «…сизнинг ер низоси бўйича мурожаатингиз юзасидан муқаддам терговга қадар текшириш ўтказилган. Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-қарори билан тасдиқланган “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида”-ги низомнинг 2-бандида аукцион орқали бериш талаблари қишлоқларда намунавий лойиҳалар бўйича уй қурилаётган массивларга татбиқ этилмаслиги, низомнинг 6-бандида якка тартибда уй қуриш учун 0,04 гектаргача ва ушбу ҳажм доирасидаги ер участкалари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида тураржойини йўқотган шахсларга, давлат ва хусусий уй фондидаги ўзлари эгаллаб турган уйни туман ё шаҳар ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга аукционсиз берилиши қайд этилган. Терговга қадар текширув натижасида бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломати аниқланмагани сабабли 2021 йил 25 февралда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган».

Юқорида маҳалла раиси айтган гапларга ҳам, прокурорнинг расмий жавобига ҳам монелик йўқ. Уларда бурч, масъулият тушунчалари мужассам. Бироқ нега маҳалла, шаҳар ҳокимлиги ва сектор мутасаддилари Мадинани ҳеч бўлмаганда бирор жойга ишга жойлаштириб қўйиш ҳақида ўйлашмади? Нега унинг фамилияси «аёллар дафтари»да ҳам йўқ? Бу ҳақда Ипак йўли маҳалласи раисидан сўраганимда «У бу ерда яшамайди, шу боис “аёллар дафтари”га киритилмаган» деган жавобни олдим.

Иккинчи томондан Мадинанинг ҳам камчиликлари бисёр.
У уйдан чиқиб кетиб, ўз туққан онасига қарши бориб нотўғри иш қилган. Лекин халқимизда «Адашганнинг айби йўқ, қайтиб йўлини топса» деган мақол ҳам бор. У тўғри йўлга кириб олиши учун ҳам мадад керак, елка тутиб, суянч бўла билиш лозим.

Тўғри, унга 0,02 гектар ер ажратиб берилганда ҳам уй қуриб ололмаслиги шароитидан кўриниб турибди. Чунки ишлатган электр энергиясининг ҳақини тўлай олмаган одам уй қура олармиди?..

Афсусланарлиси, турган жойида одам яшаши учун минимал шароит ҳам йўқ. Ҳечқурса шаҳарда оилавий ётоқхоналар бордир. Ўша ердан жой берилганда ҳам ҳозирги яшаётган жойидан яхшироқ бўлармиди. Мадинанинг отаси қаёққа қараяпти деган хаёлга бордик. Аммо Мадина отаси билан кўришиб гаплашишимизни истамади. Мадинанинг ўзи ҳам ҳаётда тўғри йўлга тушиб олиш учун жон-жаҳди билан интилмоғи, бу йўлда сув келса симириб, ўт келса кемириб ҳаракат қилмоғи даркор. Бунда мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан сал эътиборлироқ бўлишларига, йиқилганни суяш, адашганни тўғри йўлга бошлаш учун жон куйдиришларига тўғри келади.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»