Ҳибсхона соқчиси: “Кўп нарсага қурбим етади…”

17:00 - 22.06.2021

18

Фуқаро Мунира Саидованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи устидан жиноят иши очилди. Тергов жараёнида у қамоққа олинди. Шу кунларда Мунира ўзига таниш бўлган Фарҳод Тўйчиев билан кўришиб қолди. Дардини айтганида у аёлни юпатган бўлди ва ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг имкони борлигини айтди. Масалани ҳал қилиш учун танишлари борлигини қистириб ўтди.

Фарҳод «соқчи танишларим бор, гаплашиб кўраман, кўнса эҳтиёт чорасини ўзгартириб бераман» дея аёлни тинчлантирди. М.Саидова унинг гапларига ишонди.

Мўмай пул илинжида Ф.Тўйчиев шу куннинг ўзида Олмалиқ шаҳар ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими вақтинчалик ҳибсхонаси соқчиси бўлиб ишлаган таниши Миршароф Мажидов билан гаплашади. Аслида бу ишнинг иложи йўқ эди. Шундай бўлса-да, М.Мажидов «тушундим, лекин мушук текинга офтобга чиқмайди» деб гапни пулга тақади. «Сиз ишни қанчага ҳал этишларини гаплашинг, пулни аёлдан мен олиб бераман» деди Фарҳод.

Эртаси куни М.Мажидов қўнғироқ қилиб, қамоқ эҳтиёт чорасини бошқа енгилроқ эҳтиёт чорасига ўзгартириб беришни 3 минг долларга гаплашганини айтди. Ўз навбатида Ф.Тўйчиев дарҳол Мунирага қўнғироқ қилиб, бу хабарни етказди. Аёл пул беришга рози бўлди. М.Саидовада бунча пул йўқлиги боис яқинларидан қарз сўрайди. Улар Мунирани ҳозир фирибгарлар кўплигидан, алданиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантиришади. Шундан сўнг М.Саидова мазкур ҳолат бўйича департаментга ариза билан мурожаат қилади.

Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари 2020 йилнинг 25 сентябрь куни ўтказган тадбирда Ф.Тўйчиев аёлдан 3 минг доллар пулни олган пайтида ушланади. Фарҳод пулнинг бир қисмини ўзида олиб қолиб асосий қисмини М.Мажидовга олиб бориб беришини айтгач, тадбир давом эттирилади. Шу куни Миршароф ҳам келишилган пулни Фарҳоддан олган пайтида қўлга олинди.

Суриштирув жараёнида М.Мажидов пулни фирибгарлик билан олганини айтиб, айбига иқрор бўлди. Унга суд ҳукми билан жазо тайинланди. Ўртакашлик қилиб пул ишлаб олмоқчи бўлган Ф.Тўйчиев ҳам жазодан қуруқ қолмади.