«Уйнинг майдони катта чиқди, яна қўшмасанг бўлмайди…»

15:00 - 22.06.2021

30

Аввал бир эмас, икки марта судланган Алишерга ота-онаси яхши ният билан шу исмни қўйишган. Инсонда ўз номини оқлаши учун ҳам бир чимдим фаросат ва ақл бўлиши керак. Алишер Носиров Бухоро тумани «Ермулккадастр» корхонасида иш бошлаганига атиги бир йил бўлганда яна жиноят кўчасига кирди. Балки илгари ёшлик қилиб хатога йўл қўйган деб оқлашимиз мумкиндир. Бироқ бу гал у билиб туриб жиноятга қўл ургани ачинарли.

Мутахассислардан келган ҳужжатларни онлайн тарзда компьютерга юклаш вазифасини бажариб келган Алишер Носировга бир куни таниши Равшан Ғаффоров қўнғироқ қилиб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда бир танишига ёрдам бериш лозимлигини айтди.

– Акажон, сиз айтасизу мен йўқ дейманми?

– Ҳа, энди қўлингиздан иш келишини билиб ваъда бериб қўйдим-да…

– Энди, биласиз… Уйнинг эски ҳужжатларини янгилаш учун бироз харажат қилишга тўғри келади. Икки миллион сўм бўлади.

Айтилган суммани олган фирибгар иши тушганларга ҳужжатлар бир ойда тайёр бўлишини ваъда қилди. Аммо ноқонуний иш ҳадеганда битавермади. Содда одамлардан бу гал яна бир ярим миллион сўм пул сўради. 2019 йилнинг сентябрь ойида содир қилган фирибгарлиги учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Шу билан Сарханг қишлоғида яшовчи фуқаронинг илтимоси қолиб кетди. 2020 йил февраль ойида жиноят ишлари бўйича Бухоро тумани судининг ҳукмига биноан жазо чораси ўзгартирилиб Алишер Носиров озодликка чиқди. Аммо «ишингизни битириб бераман» деб олган 3 млн. 500 минг сўм пулни оқлаш учун чала қолган ишини битирмоқчи бўлди. Яна таниш-билишларини ишга солди. Таниши Ғаффоровга қўнғироқ қилиб уйнинг майдони ўлчовда катта чиққанини сабаб қилиб кўрсатиб яна 560 минг сўм пул сўради.

Тама нони тотли  келса-да, бир куни тешиб чиқиши аниқ. Шундай бўлди ҳам. Мақоламиз қаҳрамони учинчи марта судланди. Унга ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.