Имтиёз амалдорнинг уруғ-аймоғидан ортмаса…

17:00 - 21.06.2021

16

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар туман ё шаҳар ҳокими ва хотин-қизлар қўмитаси тузган рўйхат асосида махсус дастур бўйича ўқитилиши, дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган аёлларга туман ё шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раисининг тавсияси асосида имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган эди. Аммо Косонда бу иш «бошқача» ташкил этилгани фош бўлиб қолди…

Косон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси А.Холмўминова ва «Халқ банки»нинг Косон тумани филиали мансабдорлари 2019 йилда махсус дастур доирасида билим олган 119 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ажратмасдан қонунга зид ишга қўл уришди. Чунончи, қарор талабларига мос келмайдиган 30 нафар жисмоний шахсга жами 674 млн. сўм имтиёзли кредит ажратиб, 413 млн. 700 минг сўмни яқин қариндошлари ва танишлари номига расмийлаштириб, таъминот ташкилотлари орқали нақдлаштириб, талон-торож қилгани аниқланди.

Банк бир гуруҳ хотин-қизларга ажратилган имтиёзли кредитларни таъминотчиларнинг ҳисобрақамига ўтказган. Аммо таъминотчилар тикув машиналарини етказиб бермаган. Уларнинг ҳисобрақамига келиб тушган кредит пули юкхатда «тикув машиналари етказиб берилди» деб чиқим қилиниб, нақдлаштирилган. Шу тариқа бу маблағлар А.Холмўминова, банк мутасаддилари ва таъминотчилар томонидан талон-торож қилинган. 

Қинғир ишнинг қийиғи чиқди. Жиноят ишлари бўйича Косон тумани суди мазкур жиноятга қўл урганларнинг барчасига қилмишига яраша жазо тайинлади.