Бўғирсоқ пишган кун…

12:30 - 21.06.2021

9

Насиба хамир қилди. У бугун нон ёпиб, бўғирсоқ пиширмоқчи. Эри ҳам, ўғиллари Умид ва Дониёр ҳам бўғирсоқни жуда яхши кўришади. Ахир ҳамма жам бўлиб дастурхон атрофида овқатланишга нима етсин?! «Илоҳим, доим тўкис-тугал юрайлик» дея ният қиларди аёл. Аммо унинг бу нияти армон бўлиб қолди: оиласи тўкис-тугалликда дастурхон атрофида бошқа жамланмади.

…Сартарошхонада соч олдириш навбати келганида Дониёрнинг телефони жиринглаб қолди: қўшниси экан:

– Дониёр, тез уйингга кел, – деди қўшни, сабабини эса қисқача тушунтирди. – Дарвозангнинг олдида «тез ёрдам» машинаси турибди. Отанг оғирлашиб қолибди…

Дониёрнинг юраги бир нохушликни сезгандек бўлди. Ахир отаси бирон марта касал бўлмаган, бирон дори ё укол олмаган соғлом одам бўлса, бирданига қандай қилиб оғирлашади?! Эрталаб нонушта қилгунча ҳаммани кулдириб ўтирди-ку?!

Шу хаёллар билан уйига чопиб келса, ҳовли тўла одам. Аввало онасини сўнгги учратган жойи – тандирхона томон қаради: бир лаган қип-қизариб пишган бўғирсоққа, газ плитаси устида шақиллаб қайнаётган човгумга кўзи тушди. Тандирнинг чўғи сўна бошлаган, қизариб кетган нонлар тандирда қолиб қотиб кетган эди. Тушликда бирга еймиз деб энтиккани, бутун оиланинг насибаси ана шундай қаровсиз ётарди…

– Бўғирсоқ пиширмай мен ўлай! Мой қиздирмай мен ўлай!

Онасининг фарёдидан сўнг Дониёрнинг хаёли жойига келди. Онасининг гапларини дабдурустдан англай олмай, беихтиёр отасининг хонаси томон отилди. Қараса, отаси уй тўрида деворга қараб ётар, хона ичи қонга беланганди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар аллақачон етиб келишган, «Ким? Нега? Нима учун?» деганча фарёд чекаётган Дониёрга тасалли беришарди. Шу пайт Умид келганини айтишди.

– Уни мен ўлдирдим! Ука, эсингдами, «барибир ўлдираман отамни» дер эдим. Мана, гапимнинг устидан чиқдим! Чунки боя тандирхонада у онамни ҳақорат қилди. Мойни қаттиқ қиздирдинг деб урушди. Мен эса бунга чидаб туролмадим. Онамни ҳимоя қилдим! – деганча тинмай жавраётган Умиднинг эс-ҳуши жойида эмаслиги шундоққина билиниб турарди.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судида кўриб чиқилган мазкур жиноятни эътиборсизлик оқибати дейиш мумкин. Чунки 1994 йилда туғилган навқирон йигит билан отаси ўртасида мунтазам низо бўлгани, ўғил наркотик моддаларга ружу қўйгани, шифокорнинг махсус назоратига олингани ҳолда бу оиладаги носоғлом муҳит ҳеч кимни ташвишлантирмаган. Агар вақтида чора кўрилганида оила бошлиғи бу ёруғ дунёни аянчли тарк этмаган, ўғил отасини ўлдириб 16 йилга қамалмаган, она эса дилбандидан воз кечмаган бўларди…