Ер муносабатлари: адолатли тизим йўлга қўйилади

14:30 - 21.06.2021

45

Ер – умуммиллий бойлик. Кейинги йилларда ушбу ресурсдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ер ажратиш тартибининг очиқлиги ва шаффофлиги ортиб бормоқда, бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Бироқ ерни талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатлари ҳали ҳам кузатилаяпти. Ер ажратиш тартиби барча учун бир хил ва шаффоф эмас. Бу эса хорижий тажрибани ўрганиш асосида янги, замон талабларига жавоб берадиган шаффофликни таъминловчи ҳуқуқий тизимни йўлга қўйишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июнь куни қабул қилинган «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармон билан ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайнаук цион орқали реализация қилиниши белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади. Ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилот ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин.

Янги тартиб бўйича кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Фармон билан шаҳар ва туман ҳокимликларининг тўғридан-тўғри ер ажратиш, фойдаланишга бериш, ер тоифасини ўзгартириш каби қатор ваколатлари бекор қилинмоқда. Шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш каби ҳолатлар ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши белгилаб қўйил ди. Ер тўғрисидаги қонунбузилишларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилмоқда.

Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, шу жумладан, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш ҳамда ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш мазкур кенгашларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Энди кенгашлар фаолияти тўлақонли йўлга қўйилиши натижасида фуқароларнинг ноқонуний ерларда уй қуриши, ерларнинг ўзбошимчалик билан талон-торож қилиниши тўлиқ бартараф этилади.

Муҳаммад РАВШАНОВ,
ИИВ академияси тингловчиси