Ахлоқ тузатиш ишлари: маҳкумлар ишлаяптими?

13:00 - 19.06.2021

56

Фарғона вилояти прокуратураси томонидан ИИБ Пробация бошқармасининг фаолияти ўрганилди. Бу борадаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида прокуратуранинг ташаббуси билан 2021 йил апрель ойида вилоят ҳокимлиги, Ички ишлар бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг қўшма қарори қабул қилинган.

Жойларда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинганлар билан алоҳида ишлаш йўлга қўйилган. Уларнинг 2156 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, шундан 51 таси ишга жойлаштирилмаган. Бундан ташқари ўрганишда  маълум бўлишича, 167 нафари 15 кундан 2 ойгача вақт мобайнида ишга жойлаштирилмаган.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 16541 та иш ўрни квотаси ажратилиб, 805 таси жазони ўтаб қайтган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланган шахслар учун банд қилинган. 17 марта ўтказилган меҳнат ярмаркасида иш излаган фуқароларнинг 156 нафари, шу жумладан жазони ўтаб қайтган, назоратдаги 28 киши ишга жойлаштирилган. Хусусан, С.Абдуллаев 27 майдан «Марғилон гранд транс» МЧЖга (ойлик иш ҳақи – 1 млн. 500 минг сўм) ишга жойлаштирилган. Ҳисобда турган Д.Баркашевга эса оилавий корхона ташкил қилиш учун май ойида 30 млн. сўм кредит берилган.

Шунингдек, қўшма қарорнинг ижроси доирасида 7 кишига 0,1 гектардан ер топширилган. 4 киши қайта касб ўрганишга йўналтирилган, 3 нафарига истеъмол кредити олишида, 24 нафарига соғлиғини тиклашда, 37 нафарига моддий ёрдам олишида, 43 кишига бошқа масалада кўмаклашилган.

Ишлаётган 2105 кишининг ойлик иш ҳақидан давлат ҳисобига  бир ойнинг ўзида 296 млн. 674 минг сўм чегирма ундирилган. Назоратдаги шахсларнинг хулқини назорат қилиш ва қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш мақсадида ўтказилган хатловда 31 нафари нотинч, 49 таси камбағал, 601 нафари жиноятга мойил, 227 таси жиноят содир этиш хавфи юқори, 45 нафари сурункали ичувчи ва 38 таси гиёҳванд эканлиги маълум бўлган. Қилинган ишлар самара бериб, апрель ойидан буён назоратдаги шахслар қайта жиноят қилмаган.

Қидирувга берилган, асосан қўшни давлатларда яширинган 82 киши ҳозирча топилмаган. Ўрганишлар давомида 25 нафари топилди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича Риштон тумани суди томонидан 1 март куни қидирув эълон қилинган М.Олимжонов 12 майда ушланди. Ҳамкорликдаги тадбирлар жараёнида ташкил этилган сайёр суд мажлисларида 286 нафар маҳкум шартли равишда муддатидан аввал озод қилинди.