Андижоннинг янги «ўсиш нуқталари», аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича асосий йўналиш ва вазифалар белгиланди

19:50 - 18.06.2021

18

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, истиқболдаги режаларни белгилаш мақсадида 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Андижон шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, давлат идоралари раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоатчилик фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятининг бугунги ҳолатига баҳо бериб, уни ҳар томонлама ривожлантириш вазифалари ҳақида сўзлади.

– Андижонга келишимиздан мақсад – одамларнинг дардини таҳлил қилиб, аниқ режаларни белгилаш, аҳоли жон бошига даромадни ошириш, маҳаллаларда шароитни яхшилаш. Ҳамма натижаларга танқидий қарашимиз керак. Андижоннинг бирини икки қилиш учун яна қандай «ўсиш нуқталари» бор, одамларни қийнаётган нима муаммолар бор, деб савол қўйиб, уларга чора топиш зарур. Бунинг учун ижро органи раҳбарлари ва маҳаллий депутатлар дунёқарашини ўзгартириши керак. Агар улар дунёқарашини ўзгартириб, фидойи бўлиб ишласа, ҳамма соҳа ўзгаради, – деди Президент.

Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Андижон вилоятида 882 та маҳалладаги имкониятлар ўрганилгани, аҳолининг азалдан шаклланган кўникмаларидан келиб чиқиб, энг самарали “ўсиш нуқта”лари сифатида – ҳунармандчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик, паррандачилик каби йўналишлар белгилангани қайд этилди. Ҳар бир маҳаллага салоҳиятли тадбиркорлар бириктирилади, зарур маблағлар йўналтирилади.

Ҳар бир туман ва шаҳарга бириктирилган вазирлик ва хўжалик бирлашмалари, банклар ҳамда сектор раҳбарлари “маҳаллабай” ишлаш асосида, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун шахсан масъул бўлади. Бу ишлардан пировард мақсад – аҳоли бандлиги ва даромадини ошириб, вилоятда камбағалликни йўқотишга эришишдир.

Ҳозирги кунда вилоятдаги маҳаллаларнинг аксарияти “ўсиш нуқта”ларини аниқлаб олган бўлишига қарамай, 100 та маҳалла ҳалигача ўз ихтисослашув йўлини топмаган. Шу боис, ушбу маҳаллаларни ривожлантиришга вилоят ҳокимлиги ва иқтисодий комплекс масъул бўлади.

Давлатимиз раҳбари Избоскан туманида ўзи билан учрашган Умидахон Усмонова ўз хонадонида етарли шароит йўқлигига қарамасдан, ҳаттоки уйининг меҳмонхонасида парранда боқиб, аҳолига тарқатиб келаётганини алоҳида таъкидлади. У бугунгача 23 минг бош хонаки товуқ тарқатган.

– Бу тадбиркор ва шижоатли аёлнинг Урганжи маҳалласида қилган ишлари менга жуда маъқул бўлди. Шунинг учун, “Микрокредитбанк” бу тадбиркор синглимизга 5 миллиард сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратади. Яна бир алоҳида совғамиз бор – ҳозир сизларнинг кўз олдингизда Умидахон синглимга “Меҳнат шуҳрати” ордени топшираман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Умидахон Усмоновани “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги Президент фармони ўқиб эшиттирилди.

Давлатимиз раҳбари фидойи аёлга юксак мукофотни тантанали топширди. Йиғилганлар Президентимизнинг ушбу ташаббусини гулдурос қарсаклар билан олқишлади.

Жорий йилда вилоятда ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча равишда 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди.

2021-2022 йилларда вилоятда умумий қиймати қарийб 20 триллион сўм бўлган 584 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилади. Бунда тўқимачилик, қурилиш материаллари, электр техникаси, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари «драйвер» бўлади.

Бу йилнинг ўзида Асака туманидаги “Асака текстиль” ҳамда Жалақудуқ туманидаги “Зумрад текстиль” корхоналарида янги қувватлар, Хўжаобод туманида цемент заводи ва қурилиш материаллари кластери, “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасида шприц корхонаси ишга туширилади.

Қишлоқ хўжалигидаги вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилди. Ғалладан бўшайдиган 70 минг гектар майдонни иккиламчи ижарага бериш орқали 220 минг ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин.

Йиғилишда вилоят аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда 271 та кўп қаватли, шунингдек, ипотека асосида 2 минг 500 та якка тартибдаги уйлар қурилмоқда. Шулардан 2 минг 710 та хонадонга субсидия ажратилади.

Бу йил 460 километр ичимлик суви, 1 минг 147 километр электр узатиш тармоқлари қурилиши ва таъмирланиши қайд этилди.

Таълим, тиббиёт соҳаларида ҳам хайрли ишлар кўп. Бу йил 30 та мактаб таъмирланади. Математика, кимё-биология, информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган 13 та мактаб фаолияти ташкил этилади.

4 та оилавий поликлиника ва 9 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Вилоятда 1 миллион 500 минг аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, жумладан, 300 мингдан ортиқ аёлларни маммографик ва ультратовуш текширувларидан ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Мураккаб операцияларга муҳтож, эҳтиёжманд аҳолига ёрдам бериш бўйича вилоятда махсус жамғарма ташкил этиш ташаббуси билдирилди.

Ёшлар ва аёллар муаммоларини тизимли ҳал қилиш, уларни касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳоким ва сектор раҳбарлари ҳисобот берди. Шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан очиқ мулоқот бўлди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишдан сўнг Андижон шаҳридаги бунёдкорлик ишлари ва янги лойиҳа тақдимоти билан танишди.

Дастлаб Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказига борилди.

Бу бино 1965 йилда қурилган бўлиб, охирги йилларда эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Жорий йилда реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланди. Китоблар сақланадиган ертўла ва махсус хоналарнинг ости бетонланди. Уч қаватли бино замонавий қиёфа ва шароитга эга бўлди. Кутубхона 872 минг нусхадан ортиқ китоб фондига эга.

Президентимиз марказда яратилган шароитлар билан танишди.

– Бу жой Андижон вилоятининг маънавият маркази бўлиши керак. Фарзандларимизни ўқитиш – келажакка инвестиция. Шунинг учун бу ерга ёшларни кўпроқ жалб этиш, натижадорликни ошириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Кутубхона фондини бойитиш учун маблағ ажратиш, уни мактаб ва олий ўқув юртлари билан самарали боғлаш, бу ерда Андижон тарихи, Бобур, Чўлпон, Муҳаммад Юсуф каби шоирлар ижоди бўйича танловлар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Ахборот-кутубхона марказида 68 нафар ходим ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Президентимиз уларни маҳаллий бюджет ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш бўйича топшириқ берди.

Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрининг Бобур кўчасида қуриладиган кўприк лойиҳаси билан танишди.

Бу иншоот Самарқанд тажрибаси асосида, монолит услубида қурилиши режалаштирилган. У Марказий темир йўл вокзали устидан ўтади ва шаҳарнинг икки қисмини боғлайди. Кўприк узунлиги қарийб 700 метр бўлиши ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Унинг қурилиши натижасида масофа 5 километрга, вақт сарфи эса 25 фоизга қисқариб, Андижон аҳлининг неча йиллик орзу-ниятлари амалга ошади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳани маъқуллаб, тегишли маблағ ажратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Президентимиз Андижон туманидаги “Андижон гуллар боғи”ни бориб кўрди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 10 сотих ерга экилган орхидея гули 850 миллион сўмгача, лилия 450 миллион сўмгача, пион 320 миллион сўмгача даромад олиш имконини беради.

Шу боис Андижон туманидаги “Андижон гуллар боғи” корхонасини кластерга айлантириб, 30 гектар ерда гул ва манзарали кўчатлар етиштириладиган боғ барпо этиш, Шаҳрихон туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Гулчилик мактаби очиш бўйича топшириқ берилди. Бу йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, томорқаларда гул етиштиришни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

– Бу ҳам гўзаллик, ҳам даромад, ҳам маърифат, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бундай боғларни ҳар бир туманда ташкил этиб, аёлларга гул етиштиришни ўргатиш керак. Бу орқали «аёллар дафтари»га кирган хотин-қизларни ишли, даромадли қилиш мумкин.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.

УзА