Танқидий ва таҳлилий сарҳисоб

15:00 - 18.06.2021

7

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори Шухрат Узаков ташаббуси билан 10 июнь куни Республика ҳарбий прокуратурасида Қуролли кучлар тизимидаги вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди.

Унда Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, ДХХ чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлигининг қоровул қўшинлари, Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшинлар қўмондонликлари масъул офицерлари, Тошкент ва Чирчиқ ҳарбий прокурорлари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Худойбердиев олиб борди. Унда Қуролли кучлар тизимидаги вазирлик ва идораларнинг шахсий таркиб ўртасида ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолияти сарҳисоб қилинди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борадаги тадбирларни режали олиб бориш, бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан аниқ тавсиялар берилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.