«Беш ташаббус хиёбони» ҳар куни гавжум

13:00 - 18.06.2021

8

Давлатимиз раҳбарининг бешта муҳим ташаббусига асосан ёшларни маънан ва жисмонан соғлом, миллий анъана ва қадриятларга содиқ қилиб ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳридаги Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ва Гулистон шаҳридаги Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари ҳамда туман ва шаҳарлардаги профилактик ҳисобда турувчи болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг спорт, китобхонлик, компьютер саводхонлиги, мусиқа ва санъатга қизиқишини ошириш учун вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар, миллий гвардия, соғлиқни сақлаш ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаларининг қўшма  қарори  қабул  қилинди. Унга кўра юқоридаги муассасалар тарбияланувчиларини ҳар ҳафтада икки марта, туман ва шаҳарлардаги профилактик ҳисобда турувчи болаларни, «ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни навбат билан ҳафтасига бир марта «Беш ташаббус хиёбони»га олиб келиш режалаштирилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бахтдаги Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасининг 45 нафар, Гулистондаги Болалар шаҳарчасининг 65 нафар тарбияланувчиси вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Гулистонда ташкил этилган «Беш ташаббус хиёбони»га олиб келинди. Уларнинг ҳовузда чўмилиши, Дўстлик каналида қайиқларда сайр қилиши ташкиллаштирилиб, уларга вилоят прокуратурасининг совғалари топширилди.