Аянчли қисматлар

10:30 - 17.06.2021

12

Мана бир неча йилдирки, фармацевтика қироли Борис Шпигелнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ шовшувлар тингани йўқ. Ваҳоланки, сурункали хасталиклар ҳамда битмас-туганмас бойлиги туфайли у бемалол уй қамоғига ҳукм қилиниши мумкин эди. Бироқ, тарихдан маълумки, 1990-йилларнинг бойлари доим ҳам кексаликни бахтиёрликда, тўкинсочинликда кутиб олишмайди.

СУИҚАСДЛАР

2020 йил 6 май куни ОАВда Россия металлургия кўмирининг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган «Сибантрацит»нинг «Алл тек» гуруҳи эгаси Дмитрий Босовнинг вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бойлиги 1,1 млрд. АҚШ доллари миқдорида баҳоланган бизнесменнинг жасадини биринчи бўлиб хотини билан қўриқчиси кўриб қолишган, ёнида ётган тўппонча эса у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлигини кўрсатиб турарди. Шунингдек, ОАВнинг хабарларига кўра ўлимидан олдин Д.Босов ўзини ғалати тутган. Аввалига ишбошқарувчисига қўнғироқ қилиб, ходимларнинг аҳволини сўраган. Кейин конькилари қаерда ётгани-ю ҳаммом ёқилганми ёки йўқ, шулар билан қизиққан.

Суиқасддан бир неча ой олдин Босовлар оиласи 30 млн. доллар (2,2 млрд. рубл)га Беверли-Хиллздан готик услубда қурилган қаср сотиб олган. Аммо мазкур ҳолат мерос жараёнида асосий предмет вазифасини ўтамади: акцияларнинг ярми унинг рафиқасига тегиши керак бўлгани ҳолда бизнесменнинг судга мурожаат қилган онаси билан аввалги турмушларидан бўлган фарзандлари ўз улушларини талаб қилиб туриб олишди. Оқибатда саккиз нафар меросхўрнинг ҳар бирига 10,8 фоиздан акция тегди.

* * *

2017 йилнинг июль ойида БВА-банкнинг собиқ ҳамраиси ҳамда Россияда пул ислоҳотининг «фойда олувчиси» бўлмиш Владимир Шербаков ҳаёт билан видолашди. Гарчи бир мунча вақт 10 млрд. рублни Россиядан олиб чиқиб кетишда гумон қилиниб, халқаро қидирувда бўлган бўлса-да, жиноят таркиби йўқлиги сабабли унга нисбатан очилган жиноят иши ёпилади. 2015 йилда Британия матбуоти Шербаков «Битлз» гуруҳи созандаси Ринго Старрнинг собиқ уйини харид қилиб, сўнг бузиб ташламоқчи эканлиги ҳақидаги хабарларни чоп этади. ОАВ гап олигархнинг адаши – СССРнинг айни пайтда Британияга ўрнашиб олган собиқ бош вазири, «Автотор» компаниясининг раҳбари Владимир Шербаков ҳақида деб ҳисоблагани учун жанжал кўтарилади. Вақт ўтиб, журналистлар узр сўрашади. Банкир Шербаков эса уйни сотиб олишга улгурмайди. Нима бўлганда ҳам уни ўз жонига қасд қилишга нима мажбур қилгани ҳалигача номаълум.

* * *

Бойлиги камроқ бўлсада, 1990-йилларнинг таниқли менежери бўлган Игор Малашенко эса сиртмоққа бошини ўзи тиқди.

НТВ телеканалининг асосчиларидан бири, 1996 йилда Ельциннинг
қайта сайланишида ҳал қилувчи рол ўйнаган мазкур шахс («мен тирик Зюгановдан кўра Ельциннинг жасадини танлашни афзал кўрдим») сўнгги йилларда пулга жуда зориқиб қолади. 2000-йиллардан бошлаб Москва, Лондон ва Испания ўртасида сарсон бўлади. Аслида-ку топган пули ўзига етиб ортарди-я, аммо мулкдан ўзининг улушини талаб қилиб судга мурожаат қилмоқчи бўлган собиқ хотини-ю ойига 2500 доллар ҳам камлик қиладиган янги рафиқаси ўртасидаги жанжал ортиқчалик қилади. Молиявий қийинчиликлар ва тушкунлик унинг Испаниядаги вилласида ўз жонига қасд қилишига олиб келди.

ҚАШШОҚЛИКДА ЯКУНЛАНГАН ҲАЁТ

«Кремлнинг собиқ кулранг кардинали» Борис Березовский 2003 йилдан Британияда «сиёсий қочоқ» сифатида яшай бошлаган бўлса, 2009 йилда Россия суди уни «ЛогоВАЗ» ва «АвтоВАЗ»-дан 140 млрд. рубл ўзлаштирганликда айбдор деб топиб, сиртдан 13 йилга озодликдан маҳрум этади. Унинг бойлиги 2008 йилда 1,3 млрд. долларга баҳоланган бўлиб, судларда бизнесдаги собиқ шерик ларига ютқазгач, бойлиги камайишни бошлайди: аввалига ёрдамчиларини, сўнг қўриқчиларининг деярли барчасини ишдан бўшатади, кейинчалик бир нечта уйини ҳам сотувга қўяди. 2011 йилда эса собиқ рафиқаси ундан 220 млн. фунт стерлинг товон пули ундириб олади.

Шундай қилиб, қачонлардир Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган бу шахс 2013 йил 23 март куни Лондонда қашшоқликда – бўйнидаги 309 млн. фунт стерлинг қарзи билан ҳаётдан кўз юмади. Унинг ўлими сабаблари ҳалигача аниқланмаган бўлиб, ўзини ўзи ўлдиргани тахмин қилинади.

* * *

«Инкомбанк»нинг асосчиси Владимир Виноградов мансаб пиллапояларидан юқорига одимлашни СССРнинг «Саноатқурилишбанк»ида бошлаган бўлиб, 1992 йилда нафақат Россия президенти ҳузуридаги тадбиркорлар кенгаши аъзоси, балки мамлакатнинг энг йирик молиячиларидан бири сифатида ҳам танилишга улгуради. Бироқ 1998 йилга келиб унинг банки таназзулга учрайди ва В.Виноградов инфаркт ва бир неча инсультни бошидан ўтказади. Унинг оиласи ижара уйга кўчиб чиққани ҳақида миш-мишлар урчийди. Ўғлининг ўқишига пул тўлаш масаласида қийинчиликлар юзага келади. 2000 йилнинг бошларига келиб собиқ банкир бир нечта лизинг компаниясини ташкил қилади, бироқ иши юришмайди.

В.Виноградов 2008 йил 29 июнь куни навбатдаги инсульт туфайли Москвада вафот этади. Ўшанда у 52 ёшда эди. Дафн маросимини эса «Инкомбанк»нинг собиқ ходимлари пул йиғиб ташкиллаштиришади.

* * *

Миллиардларидан қуруқ қолганлардан яна бири МММ молия пирамидаси асосчиси Сергей Мавроди ҳисобланади. Унинг фаолияти сабабли 10 минг киши бир неча млрд. доллар пулидан айрилади. Мавроди халқ орасида шунчалар машҳур эдики, ҳатто 1996 йилда Россия президентлигига сайланишга ҳам қарор қилади. 2003 йилда фирибгарликда айбланиб қамоққа олинади ва 4,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. 2007 йилда озодликка чиққач, аввалига Россияда, кейинчалик 107 та мамлакатда МММни қайта тикламоқчи бўлади. Аммо бундан натижа чиқмайди. Бир куни бекатда турган Мавродининг тўсатдан тоби қочади, ўтиб кетаётган йўловчи «тез ёрдам» чақиради. МММнинг отаси шу куни тунда Москвадаги клиникалардан бирида юрак хуружи натижасида вафот этади. Уни собиқ омонатчиларининг маблағига дафн этишади.

ВАТАНГАДОЛИКДА

2000 йилда НТВ телеканали асосчиларидан бири, шунингдек, Мост-банкнинг эгаси Владимир Гусинский фирибгарликда айбланиб, 3 кунни «Бутирка» турмасида ўтказади. Ҳибсдан озод этилиши билан хорижга равона бўлади. Бир вақтнинг ўзида ҳам Россия, ҳам Исроил фуқаролигига эга бу шахс 2007 йилда Испания фуқаролигини олишга ҳам муваффақ бўлади. Бунинг учун мазкур мамлакатдан 1942 йилда қувилган яҳудийларнинг авлоди эканлигини исботлашига тўғри келади. Шунингдек, ўзи Россияда бўлмаса-да, унинг бизнеслари мамлакатда фаолиятини давом эттирмоқда.

Масалан, унга тегишли бўлган NMDС компанияси нафақат ўнлаб сериаллар («Бандитский Петербург», «Тайны следствия» ва б.) га, балки Москванинг «Форвардфильм» компаниясига ҳам эгалик қилади. «Forbes»нинг хабар қилишича, НТВ ва «Россия 1» телеканаллари учун сериаллар суратга оладиган бир қатор компаниялар ҳам собиқ олигархнинг тасарруфида. Гарчи хорижий кредиторлар ҳамда маҳаллий телеканаллар билан қарз юзасидан суд жараёнлари бўлиб ўтганига қарамай, ҳозирча унга қашшоқлик таҳдид солаётгани йўқ.

* * *

ЮКОСнинг хўжайини Михаил Ходорковскийнинг тақдири эса барчага маълум: 2003 йилда ҳибсга олинган, икки марта суд қилиниб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган…
2003 йилда у авф этилади ва шу заҳоти Берлинга олиб кетилади. Швейцарияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритади. Бугунги кунга келиб у Женевадаги бир қатор компанияларга эгалик қилади.

Ходорковскийнинг бойлигини «Forbes» 600 млн. долларга баҳолаган. Сўнгги маълумотларга қараганда айни пайтда у Лондонда истиқомат қилмоқда. Шунингдек, мухолифатни қўллаб-қувватлашини айтиб, айрим ОАВни молиялаштириш билан шуғулланади.

* * *

«Евросеть» уяли алоқа салонларининг собиқ эгаси Евгений Чичваркин ҳам сиёсат учун бегона эмас. 1996 йилда Москвадаги буюм бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланган Евгений, орадан бир йил ўтиб, болаликдаги дўсти билан «Евросеть»ни ташкил этади. Шундан сўнг терговга чақирилишга, кейинчалик халқаро қидирувга берилишга ҳам улгуради. Кучишлатар тизимлардан қочиб, 2008 йилда Британиядан бошпана топади. Ҳозирча Россияга қайтиш нияти йўқ. Бунга сабаб қилиб ҳокимият ўзгаришини кўрсатади.

* * *

Черкизов бозорининг собиқ эгаси Тельман Исмаиловнинг қидирувдан қочиб, қайси мамлакатда яшириниб юрганини ҳеч ким билмайди. Бозор ёпилгач, унинг бизнеси турли муаммолар гирдобида қолди, ўзи эса анчагина қарзга ботди. 2015 йилга келиб банкрот деб эълон қилинди. 2017 йилда эса уюштирилган қотиллик ҳамда қурол савдоси билан ноқонуний шуғулланиш айби билан сиртдан қамоққа олинди. Т.Исмаилов Москва мэри, марҳум Лужков билан дўстлиги-ю дунё юлдузлари қатнаш ган дабдадали зиёфатлардаги иштироки билан кўпчиликнинг ёдида қолган. Айниқса, қурилишининг ўзига 1,5 млрд. доллар кетган Туркиядаги етти юлдузли «Mardan Palase» меҳмонхонасининг очилиш маросимидаги иштироки анчагача оғиздан-оғизга кўчиб юрган. Бугунга келиб буларнинг ҳатто изи ҳам қолмаган. ОАВнинг хабарига кўра, 2019 йилда Швейцарияда Исмаиловга нисбатан учта моддага асосан жиноят иши қўзғатилган.

Ўша йили қарзлари сабабли ўғлининг Черногориядаги казиноси
ёпилган. 2021 йил апрель ойида эса Исмаиловнинг Америкадаги «Craig Valley Plaza» савдо маркази ҳам олиб қўйилган.

Интернет хабарлари асосида
Ғофуржон АЛИМОВ тайёрлади