Прокуратура фаолиятида жамаотчилик институтларининг ўрни

10:30 - 16.06.2021

69

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида давлат органлари ва мансабдорлар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги ҳамда 32-моддасида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан ҳам амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Асосий қонунда бундай нормаларнинг акс этганлиги жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид қонунчилик тизимининг шаклланишига замин яратади. 2018 йил 12 апрелда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унинг 3-моддасида фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда жамоатчилик кенгашлари ҳам жамоатчилик назорати субъекти сифатида кўрсатилди.

Шунингдек, 2018 йил 4 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3837-қарори қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурорнинг 2018 йил 1 августдаги 775, 198-буйруқлари билан Бош прокуратура ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузилиб, унинг таркиби ва низоми тасдиқланди. Бош прокурорнинг 2020 йил 19 октябрдаги 1174-буйруғи билан прокуратура органларида катта тажрибага эга ходим, прокуратура фахрийси Абдулҳай Қаҳҳоров раислигида 21 кишидан иборат жамоатчилик кенгаши аъзолари тасдиқланган.

Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низомга мувофиқ жамоатчилик кенгаши аъзолигига қоида тариқасида прокуратура органлари фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта тажрибага эга обрўли фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади. Кенгаш ўз ишини жамоатчилик асосида олиб боради, доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи ҳисобланади.

Прокуратура органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун прокуратура органларини фуқаролар билан боғлаб турадиган кўприк ролини бажариш кенгашнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгаши иш режасига асосан ўтган давр мобайнида 46 та масала юзасидан мониторинг ва таҳлил ўтказиб, натижаси бўйича Бош прокуратурага ахборот бериб, тавсия ва таклифларини билдирган. Шунингдек, низомда белгиланган вазифалар асосида турли мавзулардаги 26 та семинар, конференция, давра суҳбати ва бошқа тадбирларда иштирок этиб, газета, журнал ва бошқа даврий нашрларда 20 та мақола эълон қилган.

Прокуратура органлари ходимларининг уй-жой, ижтимоий-маиший шароитини яхшилашга, малакали тиббий ёрдам олишига кўмаклашиш ҳам кенгашининг асосий вазифаларидандир. Шу муносабат билан 2020 йилда прокуратура органлари ходимларида касаллик (Cоvid-19) кайд этилиши ва уларга кўрсатилган ижтимоий ёрдам масаласи ўрганиб чиқилиб, таҳлил қилинди.

Маълумотларга кўра ўтган йили прокуратура органларининг 708 нафар ходими Cоvid-19 касаллигига чалингани аниқланган. Уларга касаба уюшмаси ҳисобидан 33 млн. сўм, суғурта компанияси ҳисобидан 177 млн. сўм, касаллик варақаси бўйича 873 млн. сўм, прокуратуранинг жамғарма маблағлари ҳисобидан 163 млн. сўм ижтимоий кўмак берилиши таъминланиб, ходимларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий аҳволини яхшилаш юзасидан тавсиялар берилган.

Мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш жараёнида кексаларни, уруш ва меҳнат фахрийларини, ногиронларни эъзозлаш, уларга алоҳида ҳурмат-этиром, моддий, маънавий ва тиббий ёрдам кўрсатиш устувор вазифалардан бири саналади.

Айнан шу мақсадда Бош прокуратура раҳбарияти ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилган бўлиб, улар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Марказга ходимлар ва халқ орасида катта ҳурмат-эътибор қозонган тажрибали ҳуқуқшунос, прокуратура органларида 54 йил хизмат қилган, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари прокурори лавозимида ишлаган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар номзоди, «Ҳурмат белгиси» ордени ҳамда 1-даражали «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони соҳиби Ботир Калонов раислик қилмоқда.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари замонавий меъморчилик андозалари асосида қурилган ва зарурий ахборот-коммуникация технологияларига эга бўлган бино ва махсус хоналарда фаолият юритмоқда.

Яратилган шароитлар марказ фаолиятини қисқа фурсатда намунали йўлга қўйишга имкон берди. Марказ биноси Ўзбекис тон прокуратураси тарихи, давлатимиз ва Бош прокуратура томонидан кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор мухтасар баён этилган муҳим ҳужжатлар, соҳа фахрийлари, уларнинг таржимаи ҳоли, меҳнати ва бугунги ҳаётини акс эттирувчи фотосуратлар билан жиҳозланган. Бу ерда турли мавзуларда учрашув ва давра суҳбатлари уюштириш, фахрийларнинг вақтини мазмунли ва мароқли ўтказишлари ҳамда издошлари билан мулоқотда бўлишлари учун зарур имкониятлар мавжуд.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, прокуратура органлари ходимларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2020 йилнинг 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ўртасида прокуратура органлари ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 2020 – 2022-йилларга мўлжалланган тармоқ келишуви имзоланди.

Ушбу ҳужжат билан прокуратура органлари ходимларининг меҳнат, иш ҳақи, иш билан бандлиги ва ижтимоий ҳимояси кафолатлари борасида музокара олиб бориш, келишув ва жамоа шартномаларини тузиш ҳуқуқи тан олинди ҳамда тизимда ходимларнинг вакиллик органи сифатида касаба уюшмаси қўмиталари фаолияти расман эътироф этилди.

Келишув прокуратура органларининг даражали унвонга эга бўлган ходимлари, шу жумладан, иш ўрганувчилар ҳамда аттестациядан ўтказиш талаб этилмайдиган лавозимларда хизмат қилиб келаётган мутахассис, хизмат кўрсатувчи ва ёрдамчи ходимларнинг фаолиятига дахлдордир (Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратурасида хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга татбиқ этилмайди).

Маълумки, бугун мамлакатимизда аёлларнинг мавқеини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозир тизимимизда 288 нафар аёл тезкор ходим сифатида фаолият юритмоқда, уларнинг 15 нафари раҳбарлик лавозимида ишлаяпти.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларига ечим топиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида шу йўналишда йигирмадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Биргина 2019 йил 2 сентябрдаги «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариш учун кенг имконият яратилишига асос бўлиб хизмат қилаяпти.

Таъкидлаш жоизки, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, аёлларни қўшимча қўллаб-қувватлаш борасида прокуратура органларида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Шу мақсадда Бош прокурорнинг 2020 йил 18 февралдаги 15-ф фармойиши билан прокуратура органлари ва муассасалари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш мақсадида Прокуратура органларида гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди.

Мазкур фармойиш билан 13 кишидан иборат комиссия таркиби тасдиқланган. Комиссия раиси – узоқ йиллар давомида прокуратура органларида, кейинчалик Олий Мажлис Сенатида қўмита раиси, Сенат раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган, катта тажрибага эга бўлган ва ҳозир Бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Светлана Ортиқова.

Комиссиянинг асосий вазифалари этиб хотин-қизлар ва эркак лар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга йўл қўймаслик чораларини кўриш ва бош қалар белгиланган.

Бугунги кунда прокурорлар секторларида ҳам аёлларни касбга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш, низоли оилаларни яраштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилаётган
саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда аёллар ўртасида жиноятчилик йилдан-йилга камайиб бораётганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Қолаверса, прокуратура органлари ходимлари ўртасида гендер тенгликни таъминлаш маданиятини шакллантириш, бунда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, хотин-қизларнинг малакасини ошириб бориш бў йича салмоқли ишлар қилинмоқда.

Мамлакатимизда мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишлар амалга оширилиши қонун устуворлигига, қонунийликнинг мустаҳкамланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.

Бахтияр ПУЛАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси академияси
профессори, юридик фанлар
доктори