“Буниси сизга, буниси катталарга, менга савоб кифоя”

13:00 - 16.06.2021

11

Қўқон темир йўл транспорти касб-хунар коллежи биноси таъмирлашга тушгани туфайли фаолияти тўхтатилган  собиқ Енгил саноат коллежига вақтинча кўчиб ўтган эди.  Фуқаро Х.С. ўғли билан  коллежга борганида, дарвоза олдида ўтирган киши ўзини директорнинг маънавий ишлар бўйича ўринбосари деб таништирди.  Л. О.  аёлдан ўғли мактабни қачон битирганини сўраб суриштиради.  “Тўққизинчи синф битирувчилари қабул қилинмаяпти, ўн биринчи синфни битирганларни оляпмиз” деб хафсаласини пир қилди. Сўнгра  хабар олиб туринг, дея телефон рақамини берди. 

      Август ойининг охирларида  Х.С.га  Данғара туманида яшовчи дугонасининг ўғли  М.И мактабда ўқишни тамомлагани, Қўқон темир йўл транспорти коллежига ўқишга кирмоқчилиги, ўқишни битирса иш муаммо бўлмаслиги, коллеж томонидан соҳаси бўйича ишга жойлаб қўйилишини билиб олганини  айтди.  Аёл  коллежда ишловчи танишим бор, дея  Л.О. га қўнғироқ қилади. “Ўн биринчини битирган яқин танишим ўқишга кирмоқчи, қўллаб юборинг”, деди  Л.О. аёлни ўқишга кириш шартлари билан таништирди. “Ўқишга хужжатлар онлайн тарзда топширилади”, дея йўл-йўриқ кўрсатди. “Найманча қишлоғида абитуриентлар онлайн ҳужжат топширишига  компьютер хизмати кўрсатаётган Ҳамиджонга учранг.  Коллежнинг сигналлаштириш, блоклаш қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш, электромонтер йўналишига ҳужжат топшириб, менга қўнғироқ қилинг”.        

Л.О. аёлга қўнғироқ қилиб,  ҳужжат топширилгани хақида код рақами телефонига келишини, танишининг код рақамини айтиб юборишини сўрайди. Сўнгра Л.О. ўқишга киришнинг озгина хизмати борлигини қистириб ўтади. Аввалига  оиласи ночорроқ бўлса абитуриентнинг ота-онасидан 200 доллар олиб  бериши лозимлигини уқтиради.  Қўнғироқ қилиб суриштирганида, аёл “айтолганим  йўқ, оиласидагилар коллежга ўқишга кириш учун 1000 доллар бериш керак деб эшитишган экан”, деб  Л.О. нинг иштаҳасини  очиб юборади.  “Ота-онасидан беш юз доллар олинг, юз доллар ўзингизга,  тўрт юз долларни  Тошкентдаги танишга, коллеж раҳбарига бераман, ўзимга  олмайман”, дейди.

Нафс ботқоғига ботган директорнинг маънавият бўйича ўринбосари билан муроса қилишни истамаган  Х.С. ва  ўқишга хужжат топширган М.И.нинг аризаси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тадбирда ўтказди. Унда 400  АҚШ долларини олиб чўнтагига солган Л.О. қўлга олинди. У айбига иқрор бўлиб, алдаб олган пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфламоқчи бўлгани, бировга бериш нияти бўлмаганини таъкидлади.  Суд нафсининг қули, фирибгарга 2 йил мобайнида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юкланган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, базавий хисоблаш миқдорининг 55 баробари миқдорида жарима жазосини тайинлади.