Айтишларича, муҳр сохта экан

16:00 - 15.06.2021

18

Жаҳонгир хитойлик тадбиркор билан Иштихон туманида «GOLD ZONE FRUҚT» МЧЖни ташкил қилиб, давлат рўйхатидан ўтказди. Жамиятнинг асосий фаолияти барча турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлайди, етиштиради. Бундан ташқари, сотиб олиб қуритиш, сақлаш, консервалаш, қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотиш билан шуғулланади.

      Жаҳонгир жамият фаолиятини кенгайтириш мақсадида жамиятга тегишли 0,2 гектар ерда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш цехи қуриш учун туман ҳокимлигига рухсат сўраб мурожаат қилди. Шундан сўнг қурилиш ишларини бошлаш ва рухсат бериш учун махсус комиссия далолатномаси тузилди. Жаҳонгир рухсат олиш учун экология бошқармасига келиб Самарга учрашди.

   — Далолатномани тасдиқлаш учун экология экспертиза хулосаси ҳамда экологик лойиҳа керак бўлади, — деди Самар. — Хулоса учун 1.700.000 сўм, лойиҳага 1.300.000 сўм давлат божи тўлайсиз.

— Бунча қиммат, давлат тўлови арзон эмасми? — ҳайрон бўлди Жаҳонгир.

— Майли, сиз 2.000.000 сўм беринг, ҳаммасини қонуний расмийлаштириб бераман. Бирон-бир муаммо бўлмайди, — деди Самар.

     Жаҳонгирнинг биринчи марта экология бошқармасига мурожаат қилиши эди. Шунинг учун ходимнинг гапларига ишонди. Сўралган пулларни берди.

     Самар иш ҳужжатларидаги муҳрдан сканер орқали олиб, далолатнома ва хулосанинг керакли жойларига тўғрилаб, рангли принтерда чоп этди. Чиқиш рақамларни таваккал ёзди, сохта муҳр устига бошлиқнинг собиқ ўринбосари имзосини қўйди ва Жаҳонгирга берди. 

     Жаҳонгир бу ҳужжатларни вилоят қурилиш бошқармасига тақдим қилди. Бироқ ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган экан, мурожаат рад этилди. Жаҳонгир камчиликларни бартараф қилди, унга туман ҳокимлигидан янги далолатнома берилди. У иккинчи марта экология бошқармасига борди. Янгидан хулоса тайёрлаб, далолатномани тасдиқлаб беришни сўраганда Самарнинг қинғир қилмишлари очилиб қолди. Ходимлар дастлабки хулоса билан танишиб, ундаги муҳр ва имзолар қалбаки эканини, хулоса рўйхатга олинмагани ва тўловлар ҳисоб рақамига тушмаганини айтишди.

     Шундан сўнг ҳолат ҳақида тегишли жойга мурожаат қилинди.

Самар бундан олдин ҳам уч дона далолатнома ҳамда Давлат экология экспертиза марказининг хулосасидаги гербли муҳр ва имзоларни сохталаштириб, Оқдарё туманидаги 1,0 гектар ер майдонида «GALIB AGRO FISHERIES» МЧЖга балиқхона қуриш ва ерни узоқ муддатга ижарада фойдаланишга рухсат бергани аниқланди.

    Суд мажлисида Самар қилмишларидан пушаймон бўлиб, оилавий шароити ва моддий аҳволини инобатга олиб қонуний енгиллик берилишини сўради.   Суд Самарга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 6.690.000 сўм жарима жазоси тайинлади.