Она қотиллари: бири тупроқда, бири қамоқда…

10:30 - 15.06.2021

12

Ўша куни Зебунисо опа мактабдан кеч қайтди. Қизи Зарнигордан катта ўғли Тошбекнинг каналга чўмилгани кетганини эшитиб, кўнгли ғаш тортди. Тошбек қўрс, ишёқмас, бетгачопар эди. Зебунисо опа Зарнигор ва Рўзибекдан кўра унга кўпроқ жон куйдирар, имкон қадар айтганини бажо келтирарди, аммо қаттиқ гапирмасди.

Тошбек ёлчитиб ўқимади. Коллеждаги ўқишни битиргач, ҳар хил ишларга қўл урди. Уйланганидан кейин ҳам астойдил бир иш ё ҳунарнинг этагидан тутмади. Кайфу сафога берилиб оиласидан ажралди. Синглиси Зарнигор турмушга чиқди. Укаси Рўзибек уйланди. Иккинчи марта уйланиб, мастлигида аёлини уриб ҳайдаган Тошбек хорижга отланди. Россияда ишлаб туриб укасини чақириб олди. Рўзибек астойдил ишлаб топган пулини ойма-ой уйига жўнатиб турди. Тошбек хорижда қарзга ботди, ўғирликка қўл урди. 2016 йили судланиб қамалди. Рўзибек уни ташлаб қўймади. Жазони ўташ муассасасига бориб ҳолидан хабар олиб турди. 2018 йили озодликка чиққан акаси билан бирга Ўзбекистонга қайтиб келди. Хорижда ишлаб топган пулига уйини таъмирлаб олди. Акасига кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирини олиб берди. Ишбилармон йигит ортган маблағига сотиб олган «Волга» русумли автомобилида Наманган вилоятидан улгуржи мева-сабзавот харид қилиб келиб, туман бозорларида кўтара сотиб, рўзғор тебратарди.

Зарнигор турмуш ўртоғининг ортидан хорижга ишлагани кетган, икки боласини онасида қолдирганди. Пенсиядаги Зебунисо опа куёвининг уйида невараларига қараб турганди. Кунда-кунора ўғиллари келиб туришарди. Ичкиликка ружу қўйган, тўртинчи хотини билан ҳам ажрашиб ёлғиз яшаётган Тошбек онасидан пул сўрар, ҳақорат қиларди.

Бир куни Рўзибек онасидан хабар олди. Кўз ости кўкарган, юзи тилинган экан, сабабини сўраса, онаси йиқилганини айтди. Рўзибек бунга ишонмай жиянларини саволга тутди. “Тошбек тоғам бувимни урди”, деди болалар. Илгари ҳам бир неча марта онасини сўкиб урган акани инсофга келтиролмаган Рўзбекнинг бу сафар қони қайнади. Орадан икки-уч кун ўтиб, кечқурун соат ўн бирларда кўчада бораётиб Тошбекни кўриб қолганида эса акаси ғирт маст эди.

“Ҳайвон, нимага урдинг онамни?! Одам бўласанми, йўқми?!”, деган гапдан сўнг Тошбек укасига мушт туширди. Ғазаби қайнаган Рўзибек машинадан таёқни олди-ю, «Онамдан кечирим сўра!» дея акасининг дуч келган жойига ураверди. Тошбек ерга йиқилди. Рўзибек бетон бўлагини чангаллаб, унинг боши, танасига бир неча марта урди. Қаҳр-ғазаб таъсирида эс-ҳушидан айирилган йигит ажратишга уринганларга «Онамдан кечирим сўрамагунча тўхтамайман» дея автомобилини ўт олдирди. Машина олдиндаги бетон тўсиққа тиралиб, ғилдираклари бир жойда айланди. Воқеа жойига етиб келган икки нафар профилактика инспектори Рўзибекка машина моторини ўчиришни буюришди. Эшикни очиб уни тортиб туширишди. Остида одам борлигини кўриб, машинани қайта юргизишди…

Рўзибек етиб келган тергов гуруҳига бор гапни айтиб берди. У ҳибсга олинганидан кейин орадан йигирма кун ўтиб иккала боласининг доғида куйиб адо бўлган Зебунисо опа оламдан ўтди. Судда айбига тўлиқ иқрор бўлган Рўзибек ҳис-туйғуларига эрк бермасдан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёрдамида марҳум акасини тубан йўлдан қайтариб қолиши, алкоголизмдан даволатиши мумкин эди. Ишдаги барча ҳолатларни инобатга олган суд унга қонунда кўзда тутилганидан камроқ муддат – 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.