Табиат — умумий уйимиз

12:30 - 15.06.2021

33

Табиат – умумий уйимиз. У тоза ва файзли бўлиши керак. Токи келгуси авлод табиат инъомларидан баҳраманд бўлсин.

Ўтган йилларда бу ҳақда газетамизда бир неча марта чиқиш қилганман. Ҳамкасбим Камолиддин Асқаровнинг «Huquq»нинг 29 апрель сонида чоп этилган «Лаънатга қолишдан қўрқинглар…» сарлавҳали мақоласи ҳам менга маъқул бўлди. Бироқ атроф-муҳит тозалигига мутасадди ташкилотдагилар ва бутун жамоатчиликни уйғотиш қийин кечаяпти.

Айни пайтда юртимиз улкан қурилиш майдонини эслатади. Афсуски,
қурилиш ташкилотлари кўп ҳолларда чиқиндиларни шартнома асосида полигонларга жойлаштирмасдан, ноқонуний тарзда сув бўйларига, далаларга олиб бориб тўкади. Қашқадарё вилояти марказида ўнлаб ва ҳар бир туманда беш-ўнтагача қурилиш ташкилоти фаолият юритишини ҳисобга олсак, муаммонинг миқёси яққол намоён бўлади.

Президентимизнинг 2020 йил 29 сентябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 январдаги «Қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини ўрнатиш жуда муҳим. Афсуски, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва унинг туман бўлимларидагилар мазкур қарорларнинг ижросига панжа орасидан қарашмоқда.

Баъзан бозорларда, кўчаларда чиқиндиларни тўғри келган ерга
ташлаб кетаётган одамларга кўзингиз тушиб, «Наҳотки етарлича чиқинди қутилари ўрнатиш имконияти бўлмаса?» деган ўй сизнинг ҳам хаёлингиздан кечиши табиий. Чиқинди қутилари бўлмагач, юқоридагидек ҳолат қайтарилаверади. Бизнингча, муаммони бартараф этиш учун чиқинди қутиларини кўпайтириш ва уни белгиланган жойга ташламаганларга нисбатан қаттиқроқ чора қўллаш керакка ўхшайди. Сингапур жарима тизими фикримнинг тасдиғидир.

Муросасиз қонунлар

«Аргументы и факты» газетасининг 2014 йил 23-сонида мухбир Георгий Зотовнинг «Бир пашша учун 1000 доллар ёхуд Россияда Сингапур жарима тизимини қўллаш мумкинми?» сарлавҳали мақоласини ўқигандим. Мақолада таъкидланишича, Сингапурнинг маркази ёғ томса ялагудек тоза ва озода. Энг гавжум жойлардаги хиёбонларда ҳам бир зарра ғубор йўқ, метро ярақлайди. «Ўнларча одам чиқинди ташланадиган қутилар ёнида чекишар ва сигарет кулини эҳтиёткорлик билан қутиларга қоқишарди, – деб ёзади муаллиф.

– Чунки асфальтга сигарет қолдиғини ташлаган киши қонунга кўра 500 доллар жарима тўлайди, белгилаб қўйилган жойдан бошқа жойда чеккан киши эса нақд 1000 долларидан айрилади.

Таваккал қилишни ҳеч ким истамайди, чунки теварак тўла видеокамера, улардаги тасвирлар полиция ходимлари томонидан назорат қилинади ва дарҳол тартиббузарларга нисбатан чора кўрилади».

Бундан ташқари, ҳамма жойда махсус кийимдаги полициячилар навбатчилик қилишади. Оддий одамларнинг ўзи ҳам тартиббузарни телефонда суратга олиш ва уни органларга жўнатишдан эринишмайди.

Бир чивин учун минг доллар

– Мен Сингапурга илк марта 1968 йилда келган эдим, – дея ҳикоя қилади Британия сайёҳлик агентлиги раҳбари Элисон Хейметт. – Ўшанда манзара бутунлай бошқача эди. Кўчаларла чиқиндилар уюлиб ётар, лифтларда сигарет тутуни буруқсир, ҳамма ёқда пашшалар ғужғон ўйнарди. Одамлар овқат қолдиқларини чиқинди ташувчи машиналарга олиб боришга ҳафсала қилмай, деразаларидан отиб юбораверишарди. Ҳокимият эса одамларга яхшилик билан тушунтиришга, шаҳарни озода сақлашнинг афзаллигини рекламалар орқали тарғиб қилишга интиларди. Аммо бу натижа бермасди. Катта миқдордаги жарима жазоси қўллана бошлаши билан ҳамма нарса ўзгарди.

Хона гулларини суғорганда идишда сув қолдирилса, 1000 доллар жарима солиниши чивинларнинг кўпайишига қарши қилинган ҳаракатдир. Чунки қон сўрувчи бу махлуқлар намликни хуш кўради. Чивинга қарши кураш ва унинг йўқотилиши натижасида тропик мамлакатда безгак касаллигига бутунлай барҳам берилди.

Жарима солишади ва бепул фаррошлик қилдиришади Сингапур пляжларидаги тозалик кишини ҳайратга солади. Чунки қуёшда тобланиш учун келиб, қайтишда ўзинг ташлаган чиқиндиларни йиғиштирмадингми, 800 доллар жарима тўлайсан ва уч ҳафта давомида ҳар куни икки соатдан бепул фаррош бўлиб ишлайсан.

Жарима тўламайман десангиз…

Сингапур жарималари кишини ҳамиша ҳушёрликка ундаб туради. Ҳамма томонда огоҳлантирувчи белгилар.

Уларни кўриб яхшиси ғижимланган қоғозимни олиб бориб қутига ташлай, сигаретни рухсат берилган жойда туриб чекай дейсан. Бир томондан олганда, бу орол илмий-фантастик романларда тас вирлангандай тоза, бошқа томондан олганда, шаҳар қонунга бўйсунувчи фуқаролари билан орастадир.

* * *

– Кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан чиқаётган чиқиндиларни тўкиш учун махсус чиқиндихоналар ташкил этилган бўлса-да, баъзан юқори қаватлардан пастга улоқтирилган чиқиндиларнинг сочилиб ётганини кўрамиз, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ОАВ бўйича етакчи мутахассиси Карима Ёдгорова. – Яна бир афсусланарли томони шундаки, баъзи ота-оналар уйидаги чиқиндиларни чиқиндихонага ташлаб келишни ёш болалар зиммасига юклаб қўйишган. Бола бола-да! Йўлда ўйинқароқлиги тутиб қўлидаги чиқиндини дуч келган томонга улоқтиради. Баъзи ота-оналар боласи кўчага чиқинди улоқтираётганини кўрса-да, уни тергашни истамайди. Бола эса буни рағбат деб тушуниб, ҳар куни шу ишни такрорлайди.

Яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз. Ҳар бир ҳудуднинг озодалиги аввало шу ҳудудда яшовчи аҳолининг экологик маданиятига боғлиқ. Шундай экан, тозаликни уйимиздан, остонамизу кўчамиздан бошлашимиз, бунга амал қилмаганларга қонун йўли билан қатъий чоралар қўллашимиз керак.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»