Бухоролик янги Аҳмадбой

18:00 - 14.06.2021

281

Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланаётган соҳалар билан бир қаторда яширин иқтисодиётнинг янги усуллари кўпайиб бормоқда.Бу сафар Пешку туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар молиявий пирамида қурбони бўлишди.

 Шариф Зарипов 2019 йилда пухта режа тузган ҳолда ўзи улғайган Куёвхўжа қишлоғида яшовчи қариндошлари ва яқин қўни-қўшниларини катта иш бошлаганига, агар тадбиркорлигига ким нақд пул тикса қисқа муддат ичида тикилган пулни икки ҳисса қилиб қайтаришига ишонтиди.

Шарифнинг уйдирмасига ишонган содда халқ унга мисқоллаб йиққан 714,8 минг АҚШ долларини қўшқўллаб топширди. Шариф Зарипов эса йиғилган пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юраверган. Департаментнинг Пешку тумани бўлими Шариф Зариповнинг жиноий фаолиятига чек қўйди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатди.

Жиноят ишининг тергови Бухоро вилояти прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан олиб борилиб, Шариф Зарипов суднинг 2020 йил 1 июлдаги ҳукми билан 9 йилу 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Тергов давомида жабрланувчиларга етказилган зарар қопланмагани боис Бухоро вилояти прокуратурасининг ташаббуси билан 2020 йилнинг октябрь ойида Шариф Зариповнинг жиноий фаолияти бўйича қайта жиноят иши очилди.

Жиноят иши бўйича дастлаб вилоят прокуратураси, кейинчалик жабрланувчиларнинг талаби асосида Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ўтказилди.

Тергов натижасига кўра айбланувчи Зариповга тегишли бўлган 114 млн. сўмлик футбол майдончаси, 16 минг долларлик автомашина ва бошқа фуқароларга қарз сифатида берилган 31,1 минг доллар ва 4,5 млн. сўм пул жабрланувчиларга етказилган зарар ҳисобига қайтарилди.

Ҳозир етказилган зарарни тўлиқ қоплаш чораси кўрилмоқда. Келгусида айбланувчи Зарипов етказган зарар унинг жазони ижро этиш жойидаги иш ҳақи ҳисобидан қоплаб борилади.