Бола уйғонмади: айбдор ким?

12:00 - 14.06.2021

11

Баҳорнинг (исмлар ўзгартирилган) соғлиғи яхши эмас, шу боис ўғли Нодирни онаси парваришларди. Онаси Туркияга кетгач, энага излаб, Нозимани топди. У ойига 100 доллар эвазига болага қарашга кўнди. Бир куни Нозима қўнғироқ қилиб Нодирнинг оғзидан кўпик келиб, мазаси бўлмай қолгани, шифохонага олиб кетаётганини айтди.

Баҳор шифохонага етиб келганида ўғлининг аҳволи оғир эди.

– Пешонасига нима қилди? – сўради Нозимадан.

– Йиқитиб қўйдим.., – деди энага йиғламсираб.

Шифохонанинг болалар жароҳатлари ва хирургия бўлимида нейрохирург бўлиб ишлайдиган Достонни ўша куни болалар реанимация бўлими шифокори оғир бемор келганини, тиббий кўрикдан ўтказиш кераклигини айтиб чақирди.

Достон бўлимга бориб, оғир аҳволдаги болани тиббий кўрикдан ўтказди. Унга чап пешонаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, бош мия ички жароҳати инкор этилади деб ташхис қўйиб, педиатр ва реаниматолог назоратида даволанишни тавсия этди. 

Реанимация бўлимида бола ўзгармади, аҳволи оғирлигича қолди. У карахт, қўл ва оёқлари совуқ ва кўкарган, нафас олиши ва юрак уриши тезлашган ҳолатда эди. Муолажаларга қарамай уч кундан сўнг Нодир шифохонада вафот этди.

Суд-тиббий экспертизасида Нодирнинг пешона ва чап чаккасида шилинма, калла гумбаз суяги остига қон қуйилиши каби жароҳатлар аниқланган.

Достон беморнинг йиқилиб жароҳат олганига эътибор бермади. Тиббий стандартлар асосида бош суяги рентгенографияси, беморнинг кўз тубини кўриб, ташхислаш учун окулист текширувини тавсия этиш, бош мия компьютер томографияси ёки МТР, МСКТ текширувларини амалга ошириш каби тўлиқ диагностик текширувларни ўтказмади.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Самарқанд филиали тақдим этган комиссион экспертиза хулосасида бемордаги жароҳатлар ўз вақтида аниқланиб, тўғри ташхис қўйилиб, даволанганида унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлгани кўрсатилган. Суд жараёнида Нозима болани «тез ёрдам» машинасига олиб чиқаётганда оёғи сирпаниб, йиқитиб қўйгани ҳақида айтган.

Суд ҳукми билан Достонга 1 йил соғлиқни сақлаш идоралари тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.