«Қўқон спирт»дан акциз солиғи ундирилди

10:30 - 14.06.2021

8

Молия вазирлигининг 2018 йил 25 июлдаги хати билан «эфироальдегид фракцияси» (ЭАФ ёки этил спиртининг бош фракцияси)ни қайта ишлаш орқали олинадиган техник спирт ва ишлаб чиқарилаётган тиббий спирт этил спирти тоифасига кириши юзасидан ваколатли ташкилотлардан расмий хулоса олиниши юзасидан муносабат билдирилган. Давлат солиқ қўмитаси 2018 йил 15 августда хат билан «Ўзстандарт» агентлигига мурожаат қилиб, «эфироальдегид фракцияси»ни қайта ишлаш орқали олинадиган техник спирт ва ишлаб чиқарилаётган тиббий спирт этил спирти тоифасига кириши ё кирмаслиги юзасидан хулоса тақдим этишни сўраган.

«Ўзстандарт» агентлигининг давлат алкоголь инспекцияси томонидан 2018 йил 20 августда тақдим қилинган хулосада озиқ-овқат хомашёсидан олинган ректификатланган этил спирти, этил спиртининг бош фракцияси, эфироальдегид фракциясидан олинган ректификатланган техник этил спирти ва тиббий этил спирти этил спирти тоифасига кириши қайд қилинган.

Шунга кўра Қўқон шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан «Qo‘qonspirt» акциядорлик жамиятига 2013 – 2018-йилларда ишлаб чиқарилган «эфироальдегид фракцияси» реализацияси учун 2 млрд. 594 млн. 200 минг сўм акциз ва 518 млн. 800 минг сўм қўшилган қиймат солиғи ҳисобланиб, уни тўлаш юзасидан талабнома юборилган.

Мазкур талабнома эътиборсиз қолдирилгани боис солиқ инспекцияси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ушбу солиқларни ундиришни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2019 йил 18 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган. Апелляция инстанцияси судининг 2019 йил 26 февралдаги қарори билан ушбу қарор бекор қилиниб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Бу билан ҳам низо ечимини топмаган. Яъни Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 21 июндаги қарори билан апелляция инстанциясининг қарори бекор қилиниб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Юқорида қайд қилинган ҳолатларни ҳамда Солиқ кодексининг
11-моддаси, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг
16-моддаси ҳамда «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддаси талабларини инобатга олиб, Бош прокуратура томонидан Олий суд судлов ҳайъатининг қарорига нисбатан протест келтирилган.

Олий суднинг 2020 йил 3 мартдаги қарори билан протест қаноатлантирилиб, судлов ҳайъатининг қарори бекор қилинган ҳамда апелляция инстанцияси судининг солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Шу тариқа солиқ соҳасидаги қонунбузилиш бартараф этилиб, давлатнинг ҳуқуқ ва манфаати таъминланди.