Метро йўлига тушган дарахтлар тақдири нима бўлади?

14:30 - 14.06.2021

15

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг  маълум қилишича, ер усти ҳалқа метро линияси қурилишининг учинчи – якунловчи босқичи «Сергели – Қўйлиқ» йўналишининг қурилаётгани муносабати билан бунёдкорлик майдонидаги дарахтлар бошқа жойга кўчирилади.

Шу муносабат билан Давлат экология қўмитаси мутасаддилари соҳа мутахассислари ва эколог-инспекторларни жалб қилган ҳолда, қурилиш режалаштирилган катта ҳудуддаги дарахтларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказишди. Унга кўра, ер усти метросининг Миробод туманидан ўтадиган қисмида 66 та, Сергели туманидан ўтадиган қисмида 168 та, Янги ҳаёт туманидан ўтадиган қисмида эса 551 та (жами 785 та) дарахт борлиги аниқланди. Буларнинг орасида сафора, терак, арча, тут, ёнғоқ, ўрик, эман, шумтол, қайрағоч, чинор сингари дарахтлар бор. Уларни қаерга кўчириш маҳаллий туман ҳокимликлари билан, қандай кўчириш эса биолог олимлар билан маслаҳатлашилмоқда. Мақсад битта – имкон қадар барчасини сақлаб қолишдан иборат. Аммо дарахтларнинг барчасини кўчириб бўлмаслигини ҳам билдиришди.

Шунингдек, қўмита томонидан 2021 йилнинг 4 ойи давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, республикада 1313 туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилгани, 619 туп дарахт шикастлантирилгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 млрд. 514 млн. сўм маъмурий жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 4 млрд. 988 млн. сўм миқдорида ҳисобланди. Шу даврда аниқланган жами ҳуқуқбузарликларнинг 113 таси маҳаллий даражадаги мансабдор шахслар иштирокида содир этилган.