Акциз солиғини истеъмолчилар тўлайди

13:00 - 12.06.2021

13

Юртимизда солиқ тизими такомиллаштирилаётгани туфайли унинг рағбатлантирувчи роли ҳам ортмоқда. Солиқ юки босқичма-босқич камайтирилиб, қўшимча имтиёзлар жорий этилаётгани бунинг тасдиғидир. Тизимдаги ислоҳотларнинг яна бири солиқлар орқали ресурслардан самарали фойдаланишни тартибга солишга қаратилгани билан диққатга сазовор. Буни баъзи солиқ ставкалари кўтарилаётгани мисолида кўриш мумкин. Жумладан, юртимизда акцизлар юкини ошириб бориш тамойили ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айрим маҳсулотларга акциз солиғи ставкаси ҳар йили оз-оздан оширилаяпти. Бу инсон соғлиғи учун зарарли бўлган айрим маҳсулотлар истеъмолини камайтиришга, пировардида бўшаган даромаддан унумли фойдаланишга ундайди.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Акциз солиғи ўзи нима ва у кимларга нисбатан қўлланади? Акциз солиғи кенг истеъмол товарларига, энг муҳим хомашёларга ҳамда хизматлар учун давлат томонидан солинадиган қўшимча солиқдир. Масалан, акциз солиғи тамаки, спиртли ичимликлар, автомобиллар ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа маҳсулот ва хизматларга солинади ва уни бевосита истеъмолчилар тўлайди. Бу тартиб Солиқ кодексининг 283-моддасида белгилаб қўйилган.

Агар тадбиркорлик субъекти акциз солиғини тўлашдан бўйин товласа, уни ундириш билан боғлиқ низо иқтисодий судда кўриб чиқилади. Хусусан, Ҳисоб палатаси томонидан «Ўзшаробсаноат» акциядорлик жамиятида ўтказилган ўрганиш натижасида 2018 йил 1 августда ҳукуматга таклиф киритилган. Ушбу таклиф асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 августдаги топшириғига мувофиқ Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва «Ўзстандарт» агентлигига таркибининг асосий қисми этил спиртидан иборат бўлган «этил спиртининг бош фракцияси» ҳамда «ректификатланган техник этил спирти» сотилиши давомида акциз ва қўшилган қиймат солиқларининг ҳисобланишини ўрганиш вазифаси юклатилган.