60,6 млрд. сўмлик лойиҳа муддатидан олдин бажарилди

17:00 - 11.06.2021

17

Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириғига кўра қишлоқ хўжалиги йўналишида 80 та лойиҳа тасдиқланган бўлиб, вилоят прокуратураси уларнинг ижросини назорат қилиб бормоқда.

Жумладан, ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари лойиҳалар ижроси вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, «Чорва насл» маркази, «Сирдарёбалиқсаноат» МЧЖ, «Сирдарё асаларичилари» уюшмаси, Марказий банкнинг вилоят бошқармаси, инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси ҳамда масъул банклар иштирокида муҳокама қилиниб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаяпти.

Бунинг натижасида бугунги кунга қадар 46 та лойиҳага 60,6 млрд. сўм кредит ажратилиб, муддатидан олдин бажарилиши таъминланди ва 676 та янги иш ўрни яратилди.

Масалан, Мирзаобод туманидаги «Воҳиджон универсал ҳамкор» МЧЖ томонидан лимон етиштириладиган 5,9 млрд. сўмлик иссиқхона жорий йилнинг октябрь ойида барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, кўрилган чоралар натижасида бу лойиҳа май ойида ишга туширилди ва 30 та иш ўрни яратилди.

Шу каби Ховос туманидаги «Руҳия файз нур» МЧЖ декабрь ойида 3,8 млрд. сўмлик чорвачилик комплексини ташкил этиши режалаштирилган эди. Лойиҳа май ойида ишга туширилиб, 20 киши ишли бўлди.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниевнинг вилоятга ташрифи давомида аграр соҳада 268 та лойиҳа тасдиқланган. Бугунги кунда сув тежовчи технологияни жорий қилиш, боғ ва узумзор барпо этиш, қорамолчилик, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик ва қуёнчилик йўналишида жами 252 та лойиҳа ташаббускорларнинг маблағи ва банкларнинг 276 млрд. 233 млн. сўм кредити эвазига тўлиқ молиялаштирилиб, муддатидан олдин бажарилиши таъминланди. Лойиҳалар доирасида 518 та янги иш ўрни яратилди.

Мисол учун Сирдарё туманидаги «Чорва парранда сервис» фермер хўжалиги жорий йилнинг август ойида 3,5 млрд. сўмлик паррандачилик комплексини барпо этиши режалаштирилган эди. Кўрилган чоралар натижасида ушбу лойиҳа май ойида ишга туширилиб, 13 та иш ўрни яратилди.

Сардоба туманидаги «Агро тонг инвест Сардоба» МЧЖ томонидан 1,3 млрд. сўмлик балиқчилик комплексини ташкил этиш октябрь ойига мўлжалланган бўлиб, лойиҳа май ойида ишга туширилди ва 7 та иш ўрни яратилди.

Қолган лойиҳаларнинг ижроси ҳам назорат қилинмоқда.