Кўз юмилса, жиноят ортади

14:30 - 11.06.2021

12

Қўнғирот тумани прокуратураси томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди. Натижада сўнгги пайтларда туман ҳудудида автоҳалокат, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг кўпайгани аниқланди ва асл сабаблари ўрганилиб чиқилди. Бундай жиноятларнинг олдини олиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди.

Ўтган йилнинг шу даврига мос равишда транспорт ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жинояти асосан автомагистралларда кузатилган. Бунинг сабабларидан бири Тошкент –Қўнғирот – Бейнов автомагистралида ҳайдовчиларнинг йўлда толиқиб, чарчаб туришига қарамасдан, манзилга тез етишга шошилиб, автотранспортни тунги вақтларда ҳам дам олмасдан бошқаришидир. Шу боис автотранспортни бошқариб кетаётиб ухлаб қолиб, йўлдан чиқиб кетиш ҳолатлари кўп учраган. Бунинг олдини олиш мақсадида Қўнғирот тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси, профилактика инспекторлари, туман прокуратураси ходимлари ва туман фаоллари иштирокида гуруҳлар тузилиб, тунги вақтларда навбатчилик ташкил қилинди. Навбатчилар томонидан кечаси автомобиль бошқариб кетаётган ҳайдовчилар тўхтатилиб, уларни сергакликка чақириш мақсадида автоҳалокатлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ҳайдовчиларга сув тарқатилиши йўлга қўйилди. Қўнғирот тумани Қорақалпоғистон қўрғонидаги Ўзбекистон-Қозоғистон чегара постига иккита экран ўрнатилиб, уларда автоҳалокатлар тасвирланган видеолавҳалар намойиш этилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент – Қўнғирот – Бейнов автомагистралига ва туманнинг ички йўлларига шовқин чиқарувчи йўл чизиқлари белгилари ўрнатилди. Йўлда келаётган ҳайдовчилар чизиқ устидан ўтганда шовқин юзага келади ва чарчаган ҳайдовчи уни эшитиб сергакланади. Бундан ташқари, йўл четларига, пиёдалар ўтиш жойига қуёш ёрдамида ишловчи мигалкалар ўрнатилди.

Ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш мақсадида гуруҳ тузилди. Гуруҳ тумандаги маҳалла ва мактабларда тарғибот олиб бормоқда. Жиноят қайси ҳудудда содир этилса, шу пайтнинг ўзида шу маҳалланинг раиси ва фуқаролари билан бирга мажлис ўтказилиб, сабаблари аниқланиб жойида ҳал қилиниши йўлга қўйилган. Ички ишлар ходимлари билан биргаликда кафеларда тунги рейдлар ўтказилмоқда. Бошқа жиноятларнинг олдини олиш мақсадида одамлар гавжум бўлган олтита жойга кузатув камераси ўрнатилди. Камералар куну тун жиноятнинг олдини олиш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилаяпти.