Божхоначи ишига қайтди

12:00 - 11.06.2021

16

Жиноят процессуал кодексининг 301-моддасида оқлов ҳукми, шунингдек, ушбу кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган ҳолатлар шахсни реабилитация қилишга асос бўлиши кўрсатилган. П.Ҳайдаров айбсизлиги исботланиб, оқланганидан сўнг Давлат божхона қўмитасига нисбатан ишга тиклаш, меҳнат стажини ҳисоблаб қўшиш, иш ҳақини ундиришни сўраб судга даъво аризаси берди.

Қуйи инстанция судлари даъвони қаноатлантириш тўғрисида асосли хулосага келди. Бироқ Ўзбекистон Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 февралдаги ажрими билан қуйи суд қарорлари бекор қилиниб, даъвони рад этиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Бош прокуратура томонидан Олий суд ажримига нисбатан протест келтирилиб, қуйи судларнинг даъвогарни ишга тиклаш ҳақидаги қарорларини ўзгаришсиз қолдириш сўралди.

Энди П.Ҳайдаров иши ҳақида. П.Ҳайдаров аввалдан божхона идораларида хизмат қилиб келган. Лекин унга нисбатан «пора олиш» тўғрисида жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан айбли деб топилган. Кейинчалик П.Ҳайдаровнинг айбсизлиги исботланиб, у оқланган. Шундан сўнг у ишга тиклаш ҳақидаги талаб билан божхона идораларига мурожаат қилган ва рад жавобини олгач, шу талаб билан судга мурожаат қилган.

Юқорида айтилган кодекснинг 310-моддасида қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига тикланиши, корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар уни олдинги ишлаб турган ишига тиклаш имкониятини бермаган тақдирда унга аввалгисига тенг бошқа иш берилиши лозимлиги белгиланган.

Бош прокуратуранинг протестига асосан Олий суднинг қонунга зид бўлган ажрими бекор қилиниб, қуйи суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилди.