“Бошқарув офислари” — ҳар бир маҳаллада

18:00 - 10.06.2021

9

Фарғона вилояти прокуратурасида бўлиб ўтган матбуот анжуманига ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар таклиф этилди. Тадбирда вилоят прокурорининг ўринбосари Беҳзод Исмоилов, вилоят прокуратураси таркибий тармоқ раҳбарлари сўзга чиқиб, ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтишди.

Ҳар бир маҳаллада тижорат банкларининг малакали вакили, секторларда иқтисодий комплекс раҳбарларидан иборат «бошқарув офислари» ишламоқда. Туман ва шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигидаги гуруҳлар томонидан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлиб турган муаммолар, мавжуд имкониятлар аниқланмоқда. Режа асосида сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, иссиқхона, енгил саноат, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириб аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Маҳаллаларда 15 мингдан ортиқ муаммо ҳал этилди. Вилоятда оғир аҳволдаги 13 та маҳаллада сув, йўл ва электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сектор раҳбарлари томонидан «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган 12856 та оила, 11127 нафар аёл ва 12857 нафар муҳтож ёшга ижтимоий-иқтисодий, моддий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Ўз хизмат биносига эга бўлмаган 6 та маҳаллага хусусий шерикчилик асосида идора қурилаяпти. Сектор раҳбарларининг масъулиятини ошириш учун  уларнинг ишини 15 та кўрсаткич бўйича баҳолаш тартиби жорий қилинган. Анжуманда журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.