“Шароитим оғир, еганимни тўлолмайман…”

17:01 - 10.06.2021

14

Азамат Муқимов Китоб туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида хўжалик ишлари мудири вазифасида ишлаб келарди. Мактабда Ота-оналар томонидан болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ тўловларнинг ҳисобини юритиш вазифаси маъмурият буйруғига кўра унга юклатилган эди. Азамат 2019/2020-ўқув йилида ота-оналардан йиғилган 53 419 090 сўм пулдан 14 551 706 сўмини кирим қилди, холос. Қолганини жиғилдонига урди.

Ойни этак билан ёпиб бўлармиди? Қашқадарё вилояти давлат молиявий назорати бошқармаси мазкур мактабда тафтиш ўтказганда хўжалик ишлари мудирининг бу қинғирлиги ошкор бўлди-қолди.

Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида Азамат Муқимовнинг мазкур жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Азамат 1975 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Илгари унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши амнистия туфайли тугатилган. Китоб тумани Бўстон маҳалласида яшайди.

Суд мажлисида Азамат Муқимов бадал пулини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборганини тан олиб, қилмишидан пушаймонлигини, аммо пулни қайтаришга имконияти йўқлигини, оилавий аҳволи оғирлигини маълум қилиб, қонуний енгиллик сўради. Суд ҳукмига кўра унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек у 1 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ундан давлатга етказилган зарар ҳам тўлиқ ундириладиган бўлди.