Хориждаги таълим

17:00 - 09.06.2021

19

ЕВРОПА

Ёши: Европада болалар биринчи синфга олти ёшдан чиқади. Италияда ота-оналар беш яшар фарзандини ҳам мактабга бериши мумкин. Бунга уларнинг қонуний ҳаққи бор.

Дарс жадвали: Ўқувчилар дарсларни яхши ўзлаштириш учун саккиз
соат давомида мактабда қолиши мумкин. Бу вақт тушлик, экскурсия, ўйин, спорт машғулотларини ҳам ўз ичига олади. Ўқувчиларга уй вазифалари кўп берилмайди.

Фанлар: Бошланғич синф ўқувчилари учун ўзлаштириш қийин бўлган математика, она тили каби фанлар дарс жадвалининг бошига қўйилади. Тиллар, аниқ фанлар, тарих ва жамиятшунослик каби фанларнинг мураккаблик даражасига баҳо беришда турлича қарашлар мавжуд. Масалан, Италия таълим тизимида 13-14 ёшли болалар учун адабиёт жуда қийин фан деб ҳисобланади, шу сабабли бу ёшдаги ўқувчилар учун адабиётга жуда кам соат ажратилган.

Ўқув йилининг бошланиши: Европа мамлакатларида ўқув йили кузда бошланади. Аниқ санаси минтақага қараб фарқ қилиши мумкин.

Баҳолаш тизими: Европа мамлакатларида рейтинг тизими бир-биридан фарқ қилади. Францияда ўқувчиларнинг ишлари 20 балли тизимда баҳоланади. Италияда эса 10 балли тизим жорий қилинган. Якуний имтиҳонларда 100 балли тизим жорий этилиб, ўқувчига қўшимча фаолияти: спортдаги ютуқлари, машғулотда қатнаш гани учун ҳам балл қўйилади. Шунинг учун спорт ёки синфдан ташқари машғулотларда фаол иштирок этган ўқувчи 110 балгача олиши мумкин. Шунингдек, Германияда ўқувчиларнинг билими 1 балдан 6 балгача баҳоланади.

Маълумот учун: Европанинг кўп мамлакатларида 13 йиллик таълим тизими жорий этилган бўлиб, шундан 10 йили мажбурий таълим, 3 йили эса коллеж ёки университетга тайёрлов ҳисобланади.

БУЮК БРИТАНИЯ

Ёши: Британияда болалар беш ёшда мактабга чиқади. Шунинг учун дарс ларда асосий эътибор турли ўйинлар орқали боланинг мактабга мослашувига қаратилади.

Дарс жадвали: Британияда давлат мактаби ва интернатларга нисбатан хусусий мактаблар кенг оммалашган. Ота-оналар фарзандининг хоҳишига қараб мактабни танлайди. Дарслар одатда соат 8:30 ёки 9 да бошланади. Ўқувчилар дарсдан кейин турли машғулотлар билан шуғулланади. Ўқув йилининг бошланиши: Ўқув йили асосан кузнинг бошида бошланади. Унинг аниқ санасини мактаб ҳал қилади. Баъзида дарслар 1 сентябргача бошланиши ҳам мумкин. Ўқув йили уч семестрга бўлинади. Ўқувчилар ёзда олти ҳафта, қиш ва баҳорда икки-уч ҳафтадан дам олади.

Фанлар: Бошланғич синфларда математика, табиий фанлар, спорт ва тилга алоҳида эътибор берилади. Британия мактабларида иккинчи тил сифатида француз тили танланган. Юқори синфга ўтгач ўқувчилар ўзларига зарур (келажакда танлайдиган касбига қараб) фанларни танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек улар ўзлари учун алоҳида дарс жадвали тузиб оладилар. Шу сабабли дарсларда ўқувчилар сони ўзгариб туради.

Баҳолаш тизими: Британияда ўқувчилар 100 балли шкала бўйича баҳоланади. Яъни 5 баҳо учун 70 ва ундан юқори балл, +4 баҳо учун 60 дан 69 гача, 4 баҳо учун 50 дан 59 гача, 3 баҳо учун 40 дан 49 гача, +2 баҳо учун 30 дан 39 гача балл тўпланади. 30 дан паст балл эса қониқарсиз баҳо ҳисобланади.

Маълумот учун: Англия таълим тизими Европанинг бошқа давлатлари таълим тизимига ўхшаш бўлса-да, айрим жиҳатлари билан уларга нисбатан илғор деб айтиш мумкин. Бу ерда таълим уч босқичга – бош ланғич, ўрта ва юқори (университетга тайёргарлик) даврга бўлинади.

АҚШ

Ёши: Америкада болалар олти ёшда мактабга боради. Бошланғич синфга қабул қилишда болалардан тест олиниб, уларнинг билим даражасига қараб синфларга бўлинади. Бошланғич синфда дарслар сони чегараланган, улар фақатгина ёзиш, ўқиш ва арифметикани ўрганишади.

Дарс жадвали: Ўқувчилар мактабда 7 соат давомида – 8:30 дан 15:30 гача таълим олади. Ўқув йили 180 кундан иборат бўлиб, семестрларга бўлинган. Қолган 185 кун эса дам олиш кунлари ва таътиллардан иборат бўлиб, дарс жадвалини штатлар ва мактаб маъмурияти белгилайди.

Ўқув йилининг бошланиши: Америкада ўқув йили Европа сингари август ойининг охири ва сентябрь ойининг бошларида бошланади. Буни ҳам штатларнинг ўзи белгилайди. Англиядаги каби Америкада ҳам фанларни қобилияти, қизиқиши ва мақсадига қараб ўқувчиларнинг ўзлари танлашади. Бошланғич синфлар учун танланган фанлар бештадан ошмаслиги лозим. Юқори синф ўқувчиларининг хоҳишига қараб кўпроқ фанлар танланади. Математика, табиий фанлар, инглиз тили ва жамиятшунослик эса мажбурий фанлар ҳисобланади.

Баҳолаш тизими: Ўқувчиларнинг билими – А, В, С, Д, Е ҳарфлари билан баҳоланади. Мазкур ҳарфлар 100 балли тизимга мўлжалланган. Масалан, А – 5 баҳо 93 балл ва ундан юқори, 63 балдан паст балл эса Е ҳарфи билан белгиланиб, паст баҳо ҳисобланади. Эътиборли жиҳати шундаки, АҚШда ўқувчиларнинг баҳоси ўзи ва ота-онасидан бошқага айтилмайди.

Маълумот учун: Юқорида айтганимиздек, Америкада болалар мактабга 6 ёшдан боради ва тахминан 17 ёшгача ўқийди. Болалар боғчанинг юқори гуруҳларидан бошлаб мактабга тайёрланади.

ОСИЁ

Ёши: Япония ва Хитойда болалар олти ёшдан мактабга боришади. Мазкур давлатларда ўқитиш тизими бойлиги билан Европа ўқув тизимидан анча фарқ қилади.

Дарс жадвали: Хитой мактабларида дарслар соат 8 ёки 9 да бошланади. Бироқ ўқувчилар бир соат олдин мактабга бориб, мус тақил равишда дарсларга тайёргарлик кўришади. Дарслар 16 да тугаса-да, ўқувчилар уйларига кетмасдан қўшимча дарсларга қатнашишади. Япония мактабларида эса дарслар соат 8 дан 18 гача давом этиб, Европа мактабларидаги каби уларга куннинг ўртасида 1 соатлик танаффус берилади. Ўқув йилининг бошланиши: Япония да ўқув йили апрелда, Хитойда эса бошқа давлатлар қатори сентябрда бошланади.

Фанлар: Дарсларнинг аксар қисмини она тили ва математика ташкил қилади. Тарих, табиий фанлар ва жамиятшунослик фанлари эса кейинги ўринда ўтилади. Чет тили сифатида асосан инглиз тили ўқитилади. Япон мактабларида замонавий япон тилидан ташқари, қадимги ва ўрта аср япон тили ҳам ўргатилади. Шунингдек, бу ерда спорт ва мусиқага ҳам катта эътибор қаратилган. Шу сабабли Япония мактабларининг деярли барчасида замонавий спорт майдончалари ва мусиқа асбоблари билан жиҳозланган хоналар бор.

Баҳолаш тизими: Хитой ва япон мактабларида ҳам баҳолаш 100 балли шкала бўйича олиб борилади ва ўқувчилар А, В, С, Д, Е ҳарфлари орқали баҳоланадилар. Маълумот учун: Хитой ва Япония таълим тизими талабнинг кучлилиги билан Европа ва АҚШ таълим тизимидан фарқ қилади. Яъни, масалан, ғарб ва океанорти мактаб лари бошланғич синфларида боланинг ижтимоий мослашуви, шахсий ривожланиши, спорт билан шуғулланишига урғу берилса, Японияда арифметика боғчадан бошлаб ўргатилади.

ЛОТИН АМЕРИКАСИ

Ёши: Аргентинада бошланғич таълим 6 ёшдан 12 ёшгача, Кубада эса 6 ёшдан 11 ёшгача берилади. Бразилияда ўрта таълим уч йилда, Аргентинада эса беш-олти йилда берилади. Мексикада болалар олти ёшдан мактабга чиқишади. 12 ёшдан тўлиқсиз ўрта мактабга ўтишади.

Дарс жадвали: Аргентина мактабларида ҳафтада 5 кунлик ўқув тизими мавжуд. Бошланғич синфларда дарслар 8:30 да, ўрта синф ларда эса 7:30 да бошланади. Лотин Америкаси мамлакатларида ўқув йили 180-190 кун давом этади. Ўқув йили бошланиши: Бразилия, Аргентина ва Коста-Рикада ўқув йили февраль ойининг биринчи ҳафтасида бошланади. Чили ва Уругвайда эса –март ойида.

Мексикада ўқув йили сентябрь ойида бошланиб, 30 июнгача давом этади. Декабрь ва апрель ойларида ўқувчилар таътилга чиқади.

Фанлар: Кубада мактаб таълими бир неча босқичда олиб борилади. 1 –5-босқичларда ўқувчилар математика, информатика, табиатшунослик ва рассомликдан сабоқ олишади. 6-босқичдан бошлаб инглиз тили, Куба тарихи, Куба географияси, меҳнат дарслари қўшилади. Илгари Куба мактабларида битта синфда 30-45 нафар ўқувчи ўқиган бўлса, таълим соҳасидаги ислоҳотлардан сўнг ўқувчилар сони 15 нафарга қисқарди. Аргентинада икки тилли мактаблар кўп. Бу ерда ўқувчилар икки сменада ўқишади. Иккинчи сменада ўқийдиган ўқувчиларга дарслар чет тилида олиб борилади.

Колумбияда ўқувчилар мактаб даврида адабиётни, айниқса, Лотин Америкаси адабиётини чуқур ўрганишлари шарт. Масалан, улар Габриэл Гарсиа Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили», Хулио Кортасарнинг «Классиклар ўйини» романи, Пабло Неруданинг шеърияти, Марио Варгас Льоса асарларини ўқимаган бўлишса, университетга қабул қилинмайдилар.

Баҳолаш тизими: Лотин Америкаси давлатларининг кўпчилигида ўқувчилар 10 балли шкала бўйича баҳоланади. Улар ҳар уч ойда тест топширади, ўтиш баҳоси – 7 балл. Мабодо ўқувчи бир-икки фандан 7 балл йиғса-ю, қолган фанлардан топширолмаса ҳам ўқишни давом эттираверади. Бироқ ўқувчи бу қарзларини кейинчалик ҳам топширолмаса, унга ўрта мактабни тугатганлик тўғрисидаги маълумотнома берилмайди.

Колумбияда ўқувчилар 5 балли шкала асосида баҳоланади. Ўқувчининг бали 0 дан 2,9 гача бўлса қониқарсиз, 3 дан 3,4 гача бўлса қониқарли, 3,5 дан 3,9 гача бўлса яхши, 4 дан 5 гача бўлса аъло ҳисобланади.

Маълумот учун: Сўнгги ўн йилда Лотин Америкасида таълим даражаси шиддат билан ўсди. Айниқса Кубада бу яққол кўзга ташланади. Ҳозир Куба бюджетининг 10 фоизи таълимга сарфланмоқда. Мазкур кўрсаткич АҚШ ва Англияга нисбатан ҳам юқоридир.

Фазилат ЁДГОРОВА
таржимаси