“Ака, ишлар чатоқ-ку?!”

16:30 - 08.06.2021

11

Шорасул Абдиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) электр тармоқлари корхонасида назоратчи бўлиб ишларди. У энергия ресурсларидан тўғри фойдаланишни таъминлашга масъул ходим бўла туриб, зиммасидаги бурчига зид иш тутди.

Ш.Абдиев ўзига бириктирилган ҳудудни айланиб юриб, хонадонлардан бирида электр тармоғидан ўғринча фойдаланилаётганининг устидан чиқиб қолди. Бундан «унумли фойдаланиш» ниятида инспектор ўғрини қароқчи урди қабилида иш тутмоқчи бўлди ва хонадон эгасига деди:

– Ака, ишлар чатоқ-ку?! Электрдан ўғринча фойдаланиб ётибсиз… Биласизми, буни ҳисоб-китоб қилсак, асли қанча тўлашингиз керак?! Нақ 72 млн. сўм!

Бу гапдан капалаги учиб кетган уй соҳиби «Бир йўлини қилинг, қуруқ қўймайман!» деганча ялинишга тушди. Хуллас, келишув 4 млн. сўмда тўхтади.

Хайриятки, истеъмолчи электр энергиясидан фойдаланишда қонунни бузган бўлса-да, яна ноқонуний йўлни танламади. У Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Чуст тумани бўлимига ҳолатни баён этиб мурожаат қилди. Натижада назоратчи хонадон эгасидан 4 млн. сўмни олаётганида ушланди.

Суд ҳукми билан назоратчи жазога тортилди.

Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик позицияси катта роль ўйнайди. Шу маънода сиз хато қилишингиз мумкин, аммо уни ёпиш учун ундан-да жиддий хатога қўл урманг!