“Боғчага видеокамеранинг нима кераги бор?!”

12:00 - 08.06.2021

11

 Алишер Салимов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) илгари икки марта судланган. У такроран жиноят кўчасига киргани афсусланарли. «Бакен қурилиш монтаж» хусусий корхонаси ишбошқарувчи бўлган Алишер Салимов корхона раҳбари  Баҳодир Абдуллаев ва «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Бухоро вилояти филиали мутахассиси  Сарвар Шомуродов билан жиноий тил бириктирди.

2019 йилда тасдиқланган дастур асосида Бухоро туманидаги 150 ўринли 5-мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилишда 2 млрд. 788 млн. 745 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан 2019 йил 11 мартда тузилган 37-пудрат шартномасига асосан енг шимариб ишга киришди.

Ишнинг ҳадисини олган жиноий гуруҳ асосий бинода ёриткичлар, ошхона биноси томида ёғоч конструкциялар, эшик ва деразалар ўрнатиш каби 39 млн. 664 минг 764 сўмлик ишларни далолатномага қўшиб ёзишди. Бундан ташқари лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиб, лойиҳадаги ускуналар ўрнига сифати ва қуввати паст, нархи арзон ускуналарни ўрнатиб, 85 млн. 12 минг 352 сўмни ўзлаштириб юборишди.

— Майда-чуйда ишлар қолди. Шуларни бир амалласак боғча битади. Яъни видеокамера ўрнатиш, гўштқиймалагич қўйиб бериш…

– Боғчага видеокамеранинг нима кераги бор?!

Шу тариқа яна 9 млн. 776 минг 700 сўм пул талон-торож қилинди. Жиноятчилар қилмишларига яраша жазо олиши муқаррар. Аммо  сифатсиз таъмирланган  5-боғчанинг аҳволи нима бўлади?! Янги бинолар бир ойга қолмай деворлари кўчиб, эшик-деразалари қийшайиб қолавериши сабаби бу ёқда экан-да… Афсус…