Етакчини қилмишлари чоҳга етаклаб кетди

10:30 - 08.06.2021

7

Хорижда таълим олганларнинг дипломини нострификация қилиш, ўқишни юртимиздаги ОТМларга кўчириш ҳаракатлари соддалаштирилди. Бироқ  айрим устомонлар фуқароларни йўлдан уришга уринаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Даврбек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Марғилон шаҳридаги мактабда Ёшлар иттифоқи етакчиси эди. У ўртоғи Насимжонга хорижда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига кўчириш билан шуғулланувчи танишлари борлигини айтиб, шундай муаммоси борларни ўзига юборишни айтади. Орадан беш-олти кун ўтиб қўнғироқ қилган Талъатбек Қирғизистондаги университетда таълим олаётган қайнукасининг ўқишини кўчириб беришни илтимос қилади.

– Ҳа, ўқишни кўчиришга масъул идорада оғайниларим ишлайди, – дейди Даврбек ишончга путур етказмайдиган, эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. – Уларнинг ёрдами билан чет элда ўқиётган бир қанча йигит-қизларнинг ўқишини кўчиртириб берганман. 

– Институтда домламисиз?

– Йўқ, мен Қўштепа тумани ҳокимиятида ишлайман, – давом этади  Даврбек хўракка илинган лақманинг ишончини мустаҳкамлашни кўзлаб. – Агар хизмат ҳақини келиша олсак, танишларимга берамиз, қайнукангиз ўқишни юртимизда давом эттираверади.

Унинг гапларига ишонган Талъатбек қайнукасидан олган 400 АҚШ долларини элтиб беради. Гап орасида Даврбек оғайнилари ёрдамида укасини ҳарбий хизматга юборгани, ҳозир Қашқадарёда хизмат қилаётганини қистириб ўтади. Орадан бир неча кун ўтиб Талъатбек таниши Азаматни бошлаб келади. Даврбек йигитни 6 млн. сўм эвазига Қашқадарёга бир йиллик ҳарбий хизматга  жўнатиб юборишига ишонтириб, хамир учидан патир – 2 млн. сўм пулини қўлга киритади. Азаматнинг ишончини мустаҳкамлаш учун Қашқадарё вилоятига ўзи билан бирга олиб кетади. Вилоятдаги ҳарбий қисмда укаси билан кўришиб чиқади. Аммо ваъдасининг устидан чиқмайди, ҳарбий хизматга кетолмаган Азаматга пулини қайтариб бермайди.

Қайнукасининг ўқиши кўчирилмай қолганидан кейин алданганини тушунган Талъатбекнинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қўштепа тумани бўлимига қилган мурожаати асосида тадбир ўтказилди. Алдаб олган пулининг 500 минг сўмини дўконда ишлайдиган таниши орқали қайтарган Даврбек Паттоев суриштирув ва терговда икки жабрланувчига пулини тўлиқ қайтарди. Суд зарарни қоплагани, ёшлиги, астойдил тавба қилганини инобатга олиб,  фирибгарга ахлоқ тузатиш иши жазосини тайинлади.