“Бу — синглимни хўрлаганинг ва машинамни ёққанингни жазоси!”

18:00 - 07.06.2021

9

Азамат билан Дилрабо 2010 йилда оила қуришганди, турмуши давомида икки қиз ва бир ўғилчали бўлишди. Йиллар ўтиб, уларнинг жанжаллари кўпайиб борди.

Маҳалладаги масъуллар эр-хотинни муросага келтиришга кўп уринди, лекин ҳаракатлар зое кетди. Эр гап уқмаган хотинини калтаклашдан, аламзада аёл эса эр билан тенгма-тенг гап талашишдан чарчамади.

Азамат шу қишлоқдан алоҳида уй қилиб, кўчиб ўтди, лекин тинч-тотув яшашмади. Жанжаллардан безган Азамат бошқа аёл иблан шаръий никоҳ асосида яшай бошлади. Бу никоҳ оловга мой сепди. Азамат иккинчи хотини билан янги қурилган иморатда, Дилрабо ва болалари қайнотасиникида яшаб юришди. Азамат бир куни иккинчи хотинини ҳам ҳайдади ва қайнотасиникига бориб, хотинини олиб келди. Улар тўрт-беш ой тинч яшашди. Бир куни яна жанжал чиқди. Дилрабо бошқа бирга яшамаслигини айтиб яна кетди. Азамат шу кунларда ўғлини хатна қилдирмоқчи эди. Дилрабонинг отаси ва бошқа қариндошлари билан гаплашишди. «Буларнинг жанжали бир неча йилдан бери давом этиб келаяпти, энди бирга яшай олмайди, ажралишади», – дейишди қудалар. Иложсиз уйга қайтишди, шу куни Азамат ўғлини туман тиббиёт бирлашмасига олиб бориб хатна қилдирди. Кичикроқ тўй бошланди. Тўй куни эрталаб Азаматнинг отаси ва синглиси Дилрабони олгани келиб, сарсон бўлиб қайтишди. Тўй тугаб меҳмонлар тарқалишгач, сархуш Азамат болаларини ва синглиси Гулрухни олиб яна қайнотасиникига борди.

Бир неча соат олдин шаҳардан келиб, томорқада экинларни суғораётган Ўктам, яъни Дилрабонинг акаси шовқинни эшитиб, шу томонга келди. Куёвнинг бақираётганини кўриб жаҳли чиқди. Қўлидаги темир билан Азаматнинг бошига, елкасига бир неча марта урди. Йигитнинг бошидан қон сачраб, гандираклаб кетди.

Ўктамнинг алами бор эди. Бундан бир йил аввал Ўктамнинг кўп қаватли уйлар олдида турган машинаси тўсатдан ёниб кетган, ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилганди. Видеокузатув камерасида ўша тунда Азамат машина атрофида юргани, кейин ёқиб юборгани тасвирланган эди. Азамат айбига иқрор бўлиб, қайнакасига 35 млн. сўм тўлаб беради. Ўктамни анчадан бери қийнаб келаётган адоват айни дам янада кучайди. Жаҳл отига миниб, тобора важоҳати ортган Ўктам отасининг қўлидан чиқиб кетди. Ошхона деразасида турган пичоқни олиб, Азаматнинг дуч келган жойига санчди. Ҳовлидагилар бақир-чақир қилиб Ўктамни тортиб кетди. Лекин кеч бўлганди, Азамат бир-икки қадам юрди-да, ерга юзтубан йиқилди.  Азамат эса воқеа жойида жон берган эди. Суд Ўктамни 18 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.