Қассоблик қаллоблик дегани эмас

14:30 - 07.06.2021

5

Ўзбекистонда 2019 йилда 6321 та, 2020 йилда эса 10496 та фирибгарлик жинояти содир қилиниб, 66 фоиз ортган. Жиноят асосан ер, уй, автомашина олди-сотдиси, чет элга ишга жўнатиш, ўқишга ёки ишга киритиш каби ваъдалар билан содир этилган.

Масалан, Хива тумани Қумёп маҳалласида яшовчи О.Солаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) алдаб бировнинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБда танишлари борлигини, улар орқали ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, П.Алиевнинг 1 миллион сўм пулини олаётганида ушланган. Тергов давомида О.Солаев айнан шу йўл билан Х.Олимовдан ҳам 50 доллар пул олгани аниқланди.

Суд томонидан О.Солаевга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Худди шунингдек Отажон тўра маҳалласида яшовчи
М.Каримов қассобчилик билан шуғулланиб, 2020 йилнинг июль-октябрь ойларида Хива, Урганч ва Қўшкўпир туманларида яшовчи 9 кишининг қорамолини алдаб олган. Пулини кейин беришни ваъда қилиб, жами 83 000 000 сўмни қўлга киритган. Етказилган зарар тергов давомида тўлиқ қопланган.

Суд М.Каримовни фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилган.