“Пичоқланмаган, шунчаки йиқилиб тушган…”

12:00 - 07.06.2021

10

Андижон шаҳридаги маҳаллалардан бирида профилактика инспектори вазифасида ишлаган Асрор Шарипов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яхши ишлаганида, эҳтимол, унинг номи фахр билан тилга олинарди.

2013 йилдан буён таянч пунктларида профилактика инспектори бўлиб ишлаб келаётган А.Шарипов мансабдор шахс эканини, ўзининг бурчини яхши биларди. Инспекторлар хизмат қилаётган ҳудудда жиноят содир этилишининг олдини олиши,  ҳуқуқбузарликларга қарши курашиши, қонунда белгиланган тартибда ишлаши, жумладан, жиноят жойига дарҳол етиб келиб, ҳолатни ҳужжатлаштириши керак. А.Шарипов эса бунинг тескарисини қилди.

2017 йилнинг 18 сентябрь куни соат 23 ларда А.Шарипов тунги навбатчилик хизматини ўтаётиб, бир воқеанинг устидан ч

иқиб қолади. Андижон шаҳридаги Тинчлик кўчасида маст бўлган уч киши жанжаллашар эди. Уларнинг бири М.Ғиёсовнинг қўлида эса пичоқ бор эди. Буни кўрган А.Шарипов улар томон шошилди, аммо улгура олмади. М.Ғиёсов шериги С.Муродовнинг қорнига икки марта пичоқ урди. Инспектор боргач дарҳол М.Ғиёсовнинг қўлидан пичоқни тортиб олди ва жиноятнинг давом этишига тўсқинлик қилди. Сўнг жароҳатидан қон оқаётган С.Муродовни ва унинг шерикларини зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон вилояти филиалига олиб борди. Булар таҳсинга лойиқ ҳаракатлар, албатта. Аммо шундан кейинги воқеалар инспекторнинг вазифаларига мутлақо зид эди.

А.Шарипов шифохонага етиб боргач, криминал жароҳатлар билан қабул қилинган беморларни қайд этиш дафтарига «ҳеч қандай жиноий ҳолат аниқланмади» деб ёзади ва тасдиқлайди. Ҳодиса ҳақида эса Андижон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига хабар бермайди. Бу билан зиммасидаги вазифани бажармай, жиноятни яширади.

Суд тарафларнинг фикри, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиққач, А.Шариповни айбли деб топди. У икки йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил озодликни чеклаш жазосига тортилди.