Электрон кутубхоналар — ёшлар хизматида

10:30 - 07.06.2021

5

Ёшларни адабиёт ва санъатга қизиқтириш, истеъдодини юзага чиқариш учун қулай шароит яратиш, китобхонликни тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, прокурорларнинг ташаббуси билан сектор ҳудудида QR-кодли 156 та электрон кутубхона ташкил этилди.

Шунингдек, Қарши шаҳар 2-сектори биносида ёшлар ўртасида «Мардлар қўриқлайди ватанни» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бундан ташқари, Деҳқонобод туманида 37 нафар йигит-қизнинг тумандаги ҳарбий қисмга ҳамда Қарши туманида 26 нафар ёшнинг кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди.

Касби туманида туман мудофаа бўлими билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари билан учрашув ўтказилиб, қуроллар кўргазмаси ташкил қилинди. Прокурорлар секторидаги маданият марказлари ҳамда мактабларда спорт, маданият ва санъат йўналишида ташкил этилган тўгараклар, спорт залларини хатловдан ўтказиш, янги тўгараклар ташкил этиш ҳамда ёшлар қамровини кўпайтиришга асосий эътибор қаратилмоқда.

2-сектор раҳбарларининг ташаббуси асосида ёшларга спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратилмоқда. Мактабларнинг спорт залларидан унумли фойдаланиш йўлга қўйилиб, спортнинг бир қанча турлари бўйича «Прокурор кубоги» мусобақаси ўтказилаяпти.

Бугунги кунга қадар ёшларни чиниқтириш мақсадида 2-секторда 145 марта мусобақа ўтказилди. Масалан, Деҳқонобод ва Қарши туманларида ёшлар ўртасида «Соғлиқ учун 5000 қадам» акцияси, Қарши шаҳрида биатлон, шахмат, шашка, енгил атлетика, Деҳқонобод туманида миллий кураш, Яккабоғ туманида каратэ, Китоб туманида футбол, Касби туманида қўл жанги бўйича турнир ўтказилиб, фахрли ўринларни эгаллаган спортчиларга «Прокурор кубоги», қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.