Cифатга эмас, ададга зўр бераётган ноширлар

16:30 - 07.06.2021

39

Халқимиз азалдан маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган. Юртимиздан кўплаб улуғ олим ва мутафаккирлар чиққани бежиз эмас. Илмли зиёлилар у ёқда турсин, оддий ҳунарманд ёки деҳқоннинг хонадонида ҳам узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган. Ҳатто матбаачилик ривожланмаган, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилган пайтларда ҳам ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилган ва уни ардоқлаган.

Албатта, бу бежиз эмас. Чунки китоб ўқишнинг фойдаси мўл, баракаси беҳисоб. Мутолаа турли билимларни ўрганиш воситасидир. Ўқиш нутқни ривож лантириш, сўз бойлигини орттириш учун асосий манбадир. Киши қанча кўп мутолаа қилса, шунча равон ва бехато сўзлайдиган бўлади. Энг асосийси, китоб ўқиган одамнинг дунёқараши кенгаяди, маданий савияси ўсади. Китоб, газета ва журналлар мутолаа қилиш кишида мустақил таълим олиш маҳоратини ҳам оширади.

Шунинг учун ҳам ёшларнинг китобга қизиқишини кучайтиришга, аҳолининг китобхонлик савиясини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнда аввало миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини оммага етказиш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор бериш керак.

Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлди.

Мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилишига ва жамиятнинг китобга муносабати ўзгаришига замин яратди. Аммо бу ислоҳотларга соя солаётган омиллар ҳам борлиги дилни хира қилмоқда.

Айни вақтда китоб нашр этишни такомиллаштиришда муаммолар борлиги яққол кўзга ташланаяпти. Жумладан, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини сифатли таржима қилиб, китобхонларга етказишда турли хатоларга йўл қўйилмоқда, улар фарзандларимизнинг онгига акс таъсир ўтказиши мумкин.

Шу ва бошқа муаммолар бартараф этилмас экан, келажакда
китобларимиз ҳам худди интернетдаги ижтимоий тармоқларда
тарқатилаётган турли матнлар каби ғиж-ғиж хатолар гирдобида қолиши ҳеч гап эмас. Апрель ойида ижтимоий тармоқларда Ўроз Ҳайдарнинг «Толс той ўзбекми?» сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди.

Унда муаллиф Лев Толстойнинг қайта нашр этилган асарларидаги хато-камчиликларни кўрсатиб ўтган. Шунингдек, мақолада асар таржимонининг исм-фамилияси (ё тахаллуси) келтирилмаганини ҳам баён қилган.

Муаллиф бежиз куюнмаган экан. Бизда жаҳон адабиёти дурдоналарининг яхши таржималари йил сайин камайиб бораётгандек. Китоб дўконидаги пештахталардан жой олган Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Антон Чехов, Рашод Нури Гунтекин, Марио Пьюзо, Марк Твен, Артур Конан Дойл каби дунёга машҳур адиблар асарларига кўз югуртирсангиз хатолар тезда ўзини аён қилади. Хатоларга гувоҳ бўлар экансиз, ушбу адиблар асарлари жамланган китоблар чоп этилишидан аввал муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар томонидан ўқилганмикин деган ўйга боришингиз тайин. Баъзиларида эса, Ўроз Ҳайдар таъкидлаганидек, ҳатто таржимоннинг кимлиги ҳам умуман келтирилмаган. Аслида таржима – улкан ижодий иш. Унга қўл урган кишидан юксак масъулият, малака ва маҳорат талаб қилинади. Бизнингча, номлари келтириб ўтилмаган «таржимон»лар буни тушунишмаса керак.

Китоблардаги хатоларга тўхталар эканмиз, бу борада яна бир муаммони айтишимиз жоиз. Ҳозир кўп ёшлар тил ўрганишга интилмоқда. Бу жараёндан эса айрим «уддабурон» ноширлар фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётир. Албатта тезкорлик яхши.
Уларнинг фаолиятига эътироз қилмас эдик, агар…

Китоб дўконларига кирсангиз турли тиллардаги луғатлар, сўзлашгичлар ва «тил ўргатадиган» китобларга кўзингиз тушади. Масалан, турли нашриётларда чоп этилган ўзбекча-русча, ўзбекча-хитойча, ўзбекча- японча, ўзбекча-корейс ча, ўзбекча-туркча, ўзбекча-араб ча, ўзбекча-инглизча сўзлашгич ва луғатларни бир варақлаб кўрсангиз, афсуски, хатолари етарлича эканлигига гувоҳ бўласиз. Ажабланарлиси, бир-бирига ўхшаш бу сўзлашгич ва луғатларнинг муаллифи ҳам фақат икки киши экан.

Энди ўйлаб кўрайлик, бу китоблардаги ўзбекча сўзларда хатолар анчагина бўлса, улардаги чет сўзларда қанча хатога йўл қўйилган экан? Ачинарлиси, улардан фойдаланаётган ёшларимиз хориж тилини қай даражада ўрганаркин?..

Журналист Алижон Абдураҳмонов ҳам айнан шу мавзуда ёзган мақоласида таъкидлашича, «Adabiyot uchqunlari» нашриётида 2017 йили чоп этилган «Ўзбекча-японча» сўзлашгични ўзбекчани яхши биладиган япон таниши Мутсуми Томитога кўрсатганида, у сўзлашгичдаги японча сўзлардан бир қанча хато топиб, бўяб ташлаган.

Айни пайтда фақатгина бу эмас, мактаблар учун чиқарилаётган дарсликларда ҳам турли хатолар тез-тез кўзга ташланадиган бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан «Китоб ва босма маҳсулотларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш тизимидаги муаммолар» мавзусида қўшма йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистонда мактаб дарсликлари нашри стандарт талабларига жавоб бермаслиги танқид қилинди. Маълум қилинишича, нашриётлар фаолиятида мазмунан саёз, амалдаги стандартларга мос келмайдиган, ҳатто айрим ҳолларда менталитетга ёт қарашларни ифода этувчи, ёшлар онгига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган китоблар нашр этилиши кузатилган.

Қайд этилишича, қонунбузилишлар таҳлил қилинганда китобларда асосан «Давлат тили ҳақида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунларнинг талаблари бузилиши кузатилган.

Тўғри, китобхонликка катта эътибор қаратилаяпти. Китоб чиқарадиган нашриётларга давлатимиз томонидан эркинликлар яратилмоқда. Хусусан, ўтган ҳафтада Қонунчилик палатасида китоб савдосига алоқадор тадбиркорлик субъектларини қўшимча қиймат солиғидан озод этиш масаласи муҳокама қилинди. Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Китоб ва босма маҳсулотларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш тизимидаги муаммолар» мавзусида ўтказилган тадбирда босма нашрлар фаолиятига соя солаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

Нима бўлганда ҳам сифатсиз китоб чиқариб, оммага ҳавола этаётган нашриётларни ҳеч бир важ билан оқлаб бўлмайди. Айни вақтда пул топиш дардида сифатига эмас, ададига зўр бераётган ноширларнинг фаолияти соҳага масъул ташкилот ва идоралар томонидан назоратга олинса, айни муддао бўларди. Акс ҳолда китоб тарғиботи, китобхонлик, мутолаа маданияти ҳақидаги шунча гап-сўзлар, ҳаракатлар бесамар кетаверади.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»