Битта сектордан 3007 ёш дафтардан чиқди

17:30 - 04.06.2021

41

Пандемия  шароитида Бухоро вилояти прокурорлар  секторидаги аҳолининг муаммолари уйма-уй юриш асосида ўрганилмоқда. Саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда 2-секторда жами 3007 нафар ёш муаммолари ҳал этилган ҳолда дафтардан чиқарилди.

«Аёллар дафтари»га киритилган 5994 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни бошлашига кўмаклашиш чораси кўрилмоқда. Улардан 2167 таси ишга жойлаштирилди. Уйини таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногирони бўлган 5 нафар ҳамда нотураржойда яшовчи 4 нафар аёлга ёрдам кўрсатилмоқда. Учрашувлар давомида банклар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 1652 та аёлга 28,5 млрд. сўм кредит берилди.

Вилоят прокурори сектори штабида ташкил этилган ҳуқуқий-психологик маслаҳатхонада 315 аёл қабул қилиниб, шундан ажрим ёқасига келиб қолган 59 та оила яраштирилди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Беш ташаббус» доирасида ёшларни китобга қизиқтириш мақсадида январь ойидан буён 4 та китоб ва 4 та шеър ўқитиш учун маҳалла-туман-вилоят босқичидан иборат «Бухоро вилояти 2-сектори жавоҳири» танлови ўтказиб келинмоқда.

Апрель ойида ҳам китобхонлик танлови давом эттирилиб, маҳалла ва туман босқичлари якунланиб, 1 май куни «Нодир девонбеги» мадрасасида театр, қувноқлар ва зукколар чиқишлари, шунингдек, таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт шаклида вилоят босқичи ўтказилди. 

Энг қувонарлиси, февраль ойида 2000 нафар, март ойида 6200 нафар, апрель ойида 7130 нафар ёш танловда қатнашиш истагини билдирди. 

Шунингдек, вилоятда ёшларни спортга жалб қилиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит яратишга ҳам эътибор қаратилаяпти. Хусусан, февраль ойида «Спортни сев, спорт билан яша» шиори остида бадиий гимнастика, шахмат ва шашка бўйича вилоят прокурори кубоги, 21 март куни миллий кураш бўйича мусобақа, 4 май куни Жондор туманидаги марказий стадионда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур» шиори остида спорт фестивали ташкил этилди.

Шу билан бирга, 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида баскетбол бўйича «Бухоро вилояти прокурори кубоги» мусобақаси уюштириш режалаштириб, 7 май куни унинг очилиш маросими ўтказилди.

Вилоят футбол ассоциацияси, халқ таълими, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари билан ҳамкорликда 1-10 май кунлари барча шаҳар ва туманлардаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида футбол бўйича «Бухоро вилояти прокурори кубоги» мусобақаси ўтказилди.

Мақолада келтирилган ҳар бир рақамда инсон омили, унинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам, яратилаётган шароитларнинг кўлами яққол кўзга ташланади. Мақсад аниқ: ҳар бир фуқаро конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва манфаатларидан эркин фойдаланиб, жамиятга, давлатга нафи тегиб яшаши шарт.