Вазир ўринбосари бизга хат йўллади

15:30 - 04.06.2021

5

Давлатимиз раҳбари раислигида 1 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳамда устувор вазифалар муҳокама қилинган эди. Хусусан, Президент ихтисослаштирилган тиббий марказларга бериладиган бепул ордерларга тўхталиб, бу йил ордерлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ деярли 1,5 баравар кўпайтирилишини айтиб ўтганди.

Мазкур йиғилишда кўтарилган долзарб масалалардан келиб чиқиб, ҳудудларда фуқароларга ихтисослаштирилган марказларга бериладиган бепул ордерлар ҳамда тиббий-меҳнат эксперт комиссияларидаги муаммолар ва ортиқча ҳужжатбозлик хусусида «Huquq» газетасининг 8 апрель кунги сонида «Инсон эмас, ҳужжатбозлик устун» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Таҳририят мазкур мақола бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхоновадан жавоб хати олди.

Унда мақолада кўтарилган масалалар тизимдаги 11 та марказий ва 63 та оилавий поликлиникадаги тиббиёт ходимлари ўртасида муҳокама қилиниб, муносабат билдирилгани таъкидланган. Шунингдек, хатда ихтисослаштирилган марказларга бепул ордер олишнинг тартиби ва ҳуқуқий жиҳатлари келтириб ўтилган. Мақолада муаммолари келтирилган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга ёрдам кўрсатилгани қайд этилган. 

Вазирликнинг мақолага бўлган эътибори эътирофга лойиқ. Оммавий ахборот воситаларидаги ҳар бир танқидга мутасаддилар шундай ёндашса, барча тизимлардаги камчиликлар барҳам топиши шубҳасиз.