“Акамни ўлдириб қўйдим!”

12:00 - 03.06.2021

7

Хайрулла ёшликдан қайсар ва жиззаки эди. Йўриғига юрмадими, укаларини шапалоқ ёки тепки билан сийларди. Йиллар ўтди. Тақдир тақозоси билан уларнинг оиласи Нишон туманига кўчиб кетишди. Тоғ қишлоғида фақатгина Нурали қолди: “Чўлда менга нима бор?! Бўйдоқ бўлсам. Бир куним шу ерда ҳам ўтар…”

Шу тариқа Нурали анча ишсиз юрди. Ниҳоят, акаларини қора тортиб Нишонга йўл олди. Дастлаб катта акаси Хайрулланикида яшаб турди. Хайрулла ҳали-ҳамон ўша-ўша… Жаҳлдор, жиззаки ва қўпол, қилган яхшилигини пеш қилади. “Миннатли ош”ни ҳазм қилолмаган Нурали бир йилга зўрға чидади. Сўнг иккинчи акаси Баҳодирнинг остонасига бош уриб борди. Баҳодир қассоб эди, уни ўзига ёрдамчи қилди.

…Ўша куни Нуралининг “савдоси юришмаётган”, шу боис қош-қовоғи тунд қиёфада эди. Аксига олгандек, ўша аснода қассобхона пештахтаси қошида Хайрулла пайдо бўлди.

  • Ҳа, укагинам! Пулни-пулга уриб ўтирибсанми? Фақат ўзингни ўйлама-да?! Хуллас, ука, ишларимнинг маззаси йўқроқ… Ўн минг сўм бериб тургин. Узилишиб кетармиз.

Эҳтимол ўшанда Нурали босиқлик билан иш тутганда ҳаммаси бошқача бўлармиди. Лекин, у чўрт кесди:

— Қарз беролмайман! Қўй ҳам, пул ҳам Баҳодирники…

Укасининг қайсарлиги акага эриш туюлди.

— Нима?! Баҳодирнинг ўзи мендан тўрт минг сўм қарздор эканлигини биладими? Керак бўлса икковинг ҳам… Қани олдимга туш! Ҳозир бориб…

Акасининг важоҳатини кўриб Баҳодирнинг ранги оқарди.

  • Ҳозир иложи йўқ, ака! — Баҳона қидиришга тутинди Баҳодир. — Бу пулларни бошқа мақсадга…
  • Ҳали шунақами?! — Хайрулланинг бу сафар жаҳли чиқди. — Пул, мол-дунёни акадан афзал билдингларми?! Сенларни…

Ака икки укасини қува кетди. Шовқин-суронни эшитиб Омонқул бобо ташқарига югуриб чиқди. Ҳай-ҳайлаганча катта ўғилнинг йўлини тўсди.

  • Яна тўполонми? Уялмайсанми, ўз укаларингни…
  • Сиз уялинг! — бу сафар отасига ўшқирди Хайрулла. — Ҳаммасига сиз айбдорсиз! Сиздан ўрнак олишаяпти. Ўзингиз қачон мендан олган отни қайтарасиз?
  • Сен олдин менинг биямни бер! — ота ҳам бўш келмади. — Қарзингни уз-да, кейин менга ўдағайла!
  • Қанақа бия?! — афтини буриштирди Хайрулла. — Укам Шобердини ўқишга киритиш сарф-харажатига битта ҳўкиз берганим-чи? Ўша билан ҳисоб-китоб ёпиқ. Бўлди, гап тамом!

Хайрулла шитоб билан бориб Баҳодирнинг ёқасидан бўғиб олди:

  • Кечгача пулни тахлаб қўй! Акс ҳолда биронтанг мендан хафа бўлма..

Хайрулла айтганида турди. Кечга яқин унинг “Нива”си яна пайдо бўлди.

…Укаларнинг бу сафар ҳам измига юрмагани акани қуюшқондан чиқариб юборди. Дастлаб Баҳодирнинг чап кўзи остига мушт, сўнг Нуралининг биқинига тепки келиб тушди. У ёғи нима бўлганлигини Нурали элас-элас эслайди.

Ғазаб алангасида ёнган Нурали қассоб пичоғини кўтариб чиқади ва Хайрулланинг қорнига, букчайиб қолгач, орқа курагига кетма-кет тиғ санчади.. Суд унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилди.