Хотинига аталган пичоқ инспекторга санчилди

15:00 - 02.06.2021

10

Эр яшаб турган уйини сотди, у бошқа уй олиш ниятида эди. Харидордан пулни санаб олгач, хотинига ҳамма маблағни топширди: “Янги уйга тўлов қилгунча ишончли жойда сақла!” Орада уйнинг пулидан 70 миллион сўм йўқолди. Хотин пулни қаерга сарфлаганини айтмади. Эр асабий. Муносабатлар таранглашди. Шу орада яна бир “хушхабар” келди. Маҳлиё (исм-фамилиялар ўзгартирилган) исмли аёлдан фоизи билан жуда катта сумма қарз экан. Энди 80 миллион ҳам гарданда! Шундан сўнг вазият кескинлашди. Эр хотинини, хотин эрини кўрарга кўзи йўқ. Энг ёмони, уларнинг жанжали профилактика инспекторининг пичоқланиши билан якунланди.

Бу фикрлар жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг очиқ мажлисида кўрилган Ҳусан Жумабоевнинг жиноят иши ҳужжатларидан олинди. Бир-бирини кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ эр-хотиннинг бир эмас, икки эмас, олтита фарзанди бор. Бирга ўтган умрига ачинаётган ҳар икки ёстиқдошнинг ёши қирқдан ошган. Айни болаларининг катталарини учирма қиладиган, ақл билан ҳаётга йўллайдиган паллада ўзлари тарбияга муҳтож. Вазият ғоят мураккаб: хотин ҳамма айбни эрига тўнкайди, хотинини чавақлашга иштиёқманд эр эса юзага келган муаммоларга аёлини сабабчи деб билади.

Аёлнинг эридан рухсатсиз бировдан қарз олиши, уйда жамғариб қўйилган пулни совуриш ва бунинг ортидан келиб чиқадиган жанжаллар аввало болаларни бездирган. Энг ёмони, Ҳ.Жумабоев катта ўғлини доим «яримта» учун ғизиллатиб турган. Сотувчилар ҳам ўйлаб ўтирмай ароқни болага тутқазиб юбораверишган.

Жиноят иши ҳужжатларидан: «…ароқ ичишга газак қилай деб лимон кесмоқчи бўлсам, ошхонада бирорта пичоқ йўқ экан. Хотиним пичоқларни яшириб қўйганини билиб, яна жаҳлим чиқди. Маҳалладаги дўконга бориб, 15 минг сўмга сариқ рангли пичоқ сотиб олдим. “Энг ўткиридан беринг, одам сўйишга!» дедим сотувчига жаҳл билан. Чунки хотинимнинг қилғилиқлари жонимдан тўйдириб юборганди. Сотувчи энг ўткир пичоқни берди…».

Уйнинг пулидан 70 миллионни йўқ қилган, 80 миллион сўм қарз олиб сарфлаб юборган аёл турмуш ўртоғи Ҳ.Жумабоевнинг пўписаси жиддийлигини англаб, зудлик билан Зарафшон шаҳар ИИБнинг 21-таянч пунктига бориб, хизматни ўтаётган профилактика инспектори Ф.Соҳибовга учрашди. Инспекторга турмуш ўртоғи уни ўлдирмоқчи эканини айтди ва ёрдам сўради. Хабар асосида инспектор ёрдамчиси билан айтилган уйнинг йўлагида Ҳ.Жумабоевнинг келишини кутиб туришди.

Ҳ.Жумабоев эса сотиб олган пичоғини эгнидаги курткасининг енгига солганча бемалол келарди. Қонун посбонлари уни тўхтатиб, ўзларини таништиришди, таянч пунктига бирга боришини сўрашди. Эркак эса бундан норози бўлиб, уйига киришга уринди. Инспектор ва унинг ёрдамчиси ундан бирга кетишни талаб қилди. Шу пайт Ҳ.Жумабоев енгидан пичоқ олиб инспектор Ф.Соҳибовга ҳамла қилди. Унинг қорнига пичоқ санчди.

Қонни кўрган эркак ҳушёр тортиш ўрнига баттар қутурди. Авзойи бузилиб уйига кирди. Аёлининг фарзандлари билан ётоқхонаси эшигини ичкаридан ёпиб туришганини сезиб, эшик ойнасини синдирди ва эшикни куч билан очиб, ётоқхонага кирди. Ана шу пайт профилактика инспектори Ф.Соҳибов яраланган бўлса ҳам етиб келиб, эркакнинг орқасидан ушлади ва тортиб йиқитди. Шу тариқа жиноятчи қора ниятини охирига етказа олмади. Суд жазоларни қисман қўшиш йўли билан Ҳ.Жумабоевга узил-кесил 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталадиган бўлди.