Миллат шаъни эмасми аёл?!

17:30 - 02.06.2021

13

Аёл – ожиза. Кўнгли гулдан-да нозик, бироқ бардоши тоғдай унинг. Яна аёл ширин гапнинг гадоси демишлар. Уни қанча эъзозласанг, меҳр берсанг, минг марта зиёдроқ қилиб қайтаради.

Аммо аёлларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар айни кунларда ижтимоий тармоқларни ларзага келтирмоқдаки, бундай хабарлардан дилинг ўртанади. Хулоса эса жуда аянчли: эркакларда ғурур, номус йўқолиб бораяпти… Йўқса, ожизани хўрлайдими?!

Андижонда 5 ойлик келинчакни зўрлашди, хоразмлик ёшгина жувон тазйиқларга чидолмай жонига қасд қилди, яна бир аёл фарзандлари билан ўзини каналга ташлади… Хўш, хотинларга, қизларга бундай шафқатсиз муносабатнинг сабаби нимада?! Нега бу хабарлардан жамоатчилик ғазабланаяпти-ю, унга қарши кураш самарасиздек?!

Шу ўринда бир жиноят тафсилотига эътиборингизни қаратамиз.


– Отам ойимни роса урди… Ойим йиғлади… Кейин ухлаб қолди. Мен отамдан қўрқиб уйғонмадим. Уйғонсам мени ҳам уради-да… Кейин отам ойимни сочидан тортиб ташқарига опчиқиб кетди…

Ёлғон сўзлашни билмайдиган, ўз фойда-зарарига ақли етмайдиган бола айтаяпти бу гапларни. Жиноятнинг ягона гувоҳи ҳам у. Ваҳшийлик унинг кўз ўнгида содир этилаяпти… Бу ўринда эркак нафақат хотинини уриб ўлдираяпти, балки болакайнинг беғубор болалигини-да бўғиб, ерга кўммоқда…

Козимнинг нашага ружу қўйганини бутун қишлоқ биларди. У билан деярли ҳеч ким муомала қилмасди. Қўрслигидан ҳамма безиб қолганди. Аллоҳдан бўлдими, иккинчи хотинидан ҳам фарзанд кўрмаган Козимнинг фиғони ошиб, феъли янада айниди.
– Қишлоқдан уйланмайман, – деди хотини қочиб кетгач онасига ўшқириб. – Бу лаънатилар бари туғмас!

– Ҳали ҳам қишлоқда ҳеч ким сенга қиз бераман деб кўзи учиб тургани йўқ! – дея хўрсинди она. – Отангни-ку эрта кунда гўрга тиқдинг, мени ҳам ўлдирасанми энди?! Қачон одам бўласан, ўғлим?! Одамга ўхшаб бир жойда ишлай демасанг… Юришинг бу бўлса…
– Жим! – қичқирди Козим. – Бу кассетадан зерикканман, эшитдингизми?!

Мен дунёга бир марта келаман, мазза қилиб яшашим керак!
Онаизор нафасини ичига ютди. Чунки ўтган гал шундай гаплари учун калтак еганди.

Бусора аянинг ҳам асли ичи эзилиб, адо бўлди. Дардини бировга айтолмайди. Козимдан аввал тўрт фарзандни тупроққа қўйган эр-хотин бор умидларини унга боғлашганди. Емай едириб, киймай кийдиришди. Оғзидан нима чиқса муҳайё қилишди. Бир дунё пул сарфлаб ўқишга киритиб қўйишса, олти ойда ташлаб келди. «Уйлаб қўяйлик, қуюлиб қолар» дейишди. «Суйган қизим бор» деди.

Суйган қизининг ота-онаси Козимнинг феълидан хабардор эканми, яқин йўлатишмади. Орага маҳалла-кўй, қариндош лар тушиб, отаси ўзи кафил бўлиб келин туширди. Козим ўзгармади.

Тун лари келмас, суриштиришса, ота-онаси билан тенгма-тенг жанжал кўтарарди. Хотини ҳам унинг калтагидан қочиб кетиб қутулди. Уч йил югурди. Хотини уйга қайтишни хоҳламади. Охири «боши тошга теккан» бир бечорани олиб беришди. Пешонаси шўрлигидан куйинган келинчак зўрға олти ой яшади. Бу орада ота ҳам дунёдан ўтди.

– Маҳбуба экан келиннинг исми… –пайт пойлаб ўғлининг кўнглига қўл солди она. Нима қилсин бечора? Унинг ҳам келин қилгиси, набира кўргиси келади.

– Энди бу юришингни йиғиштир. Менинг ҳам бир оёғим гўрда бўлиб қолди. Тайинли бир иш топ. Қуда томонга «заводда ишлайди» дедим. Келин ҳам ойдеккина экан. Ўзим кўрдим. Ўқийман деб эрдан қолиб кетибди. Сен учинчисига уйланаётган бўлсанг ҳам у қиз учун кўз очиб кўргани бўласан. Шунга яраша иш тут. Ўқитувчи экан, зора болали бўлиб кетсанг…

Ўғлининг миқ этмай ўтириши кампирга ёқди. Тўйни тезлатди. Келин қўл- оёғи чаққон, жуда мулоҳазали эди. Козимни еру кўкка ишонмай ювиб-тарашини айтинг. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўярмиди, Козим яна билганидан қолмади. Ишга кириш ўзининг хаёлида йўқ, ишлаб келаётган хотинини бўлар-бўлмас гаплар билан хўрлар эди.

– Сен, манжалақи, кеча ўқувчиларни баҳона қилиб қаерга бординг? «Ўқувчимнинг уйига бордим» деб ким билан учрашиб келдинг?
– Ҳай, ҳай, Козимжон, ундай дема!
Ахир мактабдан жўнатишгандир-да… –ўртага тушди Бусора ая.

– Аралашманг! Доим сиз бузасиз хотинларимни! Аслида сизни… – Козим кампирни итариб юборганди, ҳув нарига бориб тушди. Келиннинг ёнида мулзам тортган она ҳарчанд турай демасин, туролмади. Козим эса хотинини хумордан чиққунича калтаклади. Қайнона-келин икки томонда изтироб чекаркан, Бусора ая зўрға шивирлади: – Болам, оғир бўлинг. Худодан инсоф тиланг, уни ташлаб кетиб қолманг…

Оҳ, онаизор-а? Ўзи шунча азоб тортгани етмагандай келинини ҳам дардини ичига ютишга чорлаяпти… Кампир кўп азоб тортди. Унинг синган суягини гипслаб қўйишган, анча вақт ўринда ётишнинг ўзи бўладими?
– Бундан кўра ўлиб қўя қолсам бўлмасмиди-я… – дея зорланарди баъзан.
– Ундай деманг, ойи, яхши ният қилинг! – унга далда бўларди келин.
– Ҳа, болам, набирамни кўриб ўлсам армоним қолмасди.

Маҳбуба қайнонасини анча парвариш қилди. Охирги пайтларда ўзи ҳам вазминлашиб қолган, боз устига, эрининг хурмача қилиқлари жонидан ўтарди.

Ўғил кўриб, енгил нафас олиб ётган Маҳбуба туғруқхонада ҳам эрига инсоф тиларди. «Энди ўзгарса керак. Ахир ўғилли бўлди…» дея хаёлга бериларди.

– Маҳбуба, сизга келишибди! – ҳамширанинг сўзлари унинг ўйларига нуқта қўйди. «Балки Козим акамдир?» – у енгил туриб, ташқарига йўналди. Қўшни аёлни кўргач эса юраги безовта ура бош лади.
– Тинчликми?!
– Бусора аям…
Маҳбубанинг юраги музлаб кетди:
– Нима?! Нималар деяпсиз?!
– Икки соатдан кейин жаноза. Мана бу овқатни сиз учун пиширган экан… –аёл косада овқат узатди. – Ўлгунича сизни оғзидан қўймади «Келинимдан хабар олинглар» деб… Ҳозир ҳамма ўша ерда…
– Нега бундай бўлди? Яхши эди-ку?! –дод солди Маҳбуба.

– Кечқурун эрингиз нимагадир жанжал қилди чоғи… Анчагача тўполон бўлди. Бироздан кейин чиқсам, у йўқ, ая эса йиғлаб ўтирган экан. Нима гаплигини айтмади…

Қайнонасининг ўлимидан кейин Козимнинг бироз қуюлиб қолгани Маҳбубани тинчлантирди. Эри қаергадир ишга кирганини айтиб келган куни эса роса қувонди.

Козимнинг қўлида пул ўйнайдиган бўлиб қолганидан хурсанд бўлса-да, баъзан нимадандир кўнгли ғаш тортарди. Ҳа, касални иситма ошкор қилганидек, бир куни эрининг ўғирлик қилаётганини сезиб қолган Маҳбубанинг дарди зўрайди.

– Сизни милицияга айтаман! – деди эрини қўрқитиб қўймоқчи бўлиб. Бундан Козим жазавага тушди.

– Бола туғиб бердим деб ҳаддингдан ошма! Агар билсанг, болангдан ҳам, сендан ҳам менга пул азиз, билдингми?

Козим беланчакда ётган болани оёғидан даст кўтарди.
– Агар яна бир марта менга таҳдид қилсанг, болангни чунонам улоқтираман, ўзингга ўхшаб телба бўлади-қўяди!
Маҳбуба қўрқиб кетди. Чопиб бориб болага ёпишди.
– Беринг, отаси… Яхши, гапирмайман, боламни беринг…
Дағ-дағ титраган аёл бошқа гапиролмади. Ўғлини қучоқлаб шошганча уйга кираркан, анчагача ўзига келолмади.

Шу-шу Маҳбуба эрининг азобларига сўзсиз бардош берадиган бўлди. Бир куни эрининг важоҳатидан қўрқиб боласини бағрига яширганди, Козимга бу ёқмадими, атай болага ёпишди. Майка кийгизилган гўдакнинг дуч келган жойига сигарет чўғини босди. Бола чинқириб йиғлагани сайин у қилмишидан завқланарди. Шундан сўнг Маҳбуба бу ерда қолишга қўрқиб қолди.


– Майли, қизим, кутайлик-чи, инсофга келиб қолар… – афсус билан бош чайқади отаси. – Мен бунақа ваҳшийликни кўрмаганман. Норасида гўдакка – ўз боласига ҳам шу қадар азоб берадими одам?!
Маҳбуба бир йил ота уйида ўтирди.
Боласи катта бўлиб, ишга қайтди. Хотинининг мактабга қатнаётганини эшитган Козимнинг тинчи бузилди.

– Уйга қайт, – деди бир куни унинг йўлини тўсиб.

– Менинг ҳеч кимим йўқ. Шу аҳволда ташлаб кетсанг, гуноҳга ботасан…
– Сиздан қўрқаман, қилган ишингиз ёдингиздан чиқмагандир?
– У ўғил бола! Шундай тарбия қилинса, пишийди. Қолаверса, у менинг болам!

Нима қилсам ўзим биламан! Отдан тушса ҳам эгардан тушмаётган эрининг ўзгармаганига шубҳаси қолмаган жувон тез-тез юриб кетди.
– Ҳазиллашдим… – орқасидан югурди Козим. – Ўзим ҳам қийналиб кетдим.
Ўғлимни соғиндим. Ҳаммаси учун мени кечир, Маҳбуба! Илтимос, уйга қайт… – ҳозиргина оч бўридай турган эрининг бу кўриниши Маҳбубани эсанкиратди.

– Уйга бор десанг бораман! Фақат отаонангдан уялаяпман. Ёлвораман, уйга қайт! Комилимни ҳам олиб кел…
Маҳбуба кечки пайт анча ўзгариб қолганди.
– Мактабга қатнашга ҳам қийналаяпман, илтимос, эримнинг ёнига қайтишимга рухсат беринглар, кетай… – деди кечки овқат маҳали ота-онасига.
– Унга ишонч йўқ, болам. Сиртига ишонма, эртага яна эски қилиқларини бошлайди, – бош чайқади ота.
– Нима қил дейсиз? Боламни тирик етим қилайми?! – изиллаб йиғлашга тушди Маҳбуба.
Ота гапиролмай қолди.
– Мен кетаман! – қатъий туриб олди жувон ва боласини кўтариб кўча томон юрди.
– Шошма! – онасининг титроқ овози уни тўхтатди. – Негадир кўнглим ғаш…
Борма, болам, ҳеч бўлмаса ўзи келиб олиб кетсин…
Маҳбуба гапирмади. Тез-тез юриб чиқиб кетди.

У келганида уйида эри йўқ эди. Хоналар бир алфозда экан, ҳамма ёқни саранжомлашга тушди. Ярим тунда келган Козим уйига кирмай туриб хотинининг қайтганини фаҳмлади.
– Келишингни билардим, – деди жилмайиб. – Энди яхши яшаймиз, ишон!
Маҳбубанинг кўнгли равшан тортди. Эри эртасига кечгача ўғлини ўйнатди. Ҳеч ерга бормади. «Ота дегин! Мен отангман!» деявериб Комилнинг миясига қуйди. У ҳам бола эмасми, ширин сўзларга учиб отасига ёпишди-қолди. Дам олиш куни бўлгани учун Маҳбуба ҳам барча юмушларини бажариб олди.

Кечга яқин уйга икки эркак кириб келди. Козим уларни хушламайроқ кутиб олди. Ярим тунгача давом этган улфатчиликдан сўнг ухлаб қолган эрини уйғотиш учун кирган Маҳбуба бадбўй ҳиддан ўқчиб юборди.

– Отаси, туринг! Ерда ухлаб қолибсиз. Ўртоқларингиз кетиб қолишибди…
Козим ўрнидан туролмади. Эртасига мактабдан келган Маҳбубани важоҳат билан кутиб олди:
– Кеча сен анавилар билан…
– Нима деяпсиз, Козим ака?!
Козимга гап уқтириб бўлмади. Хотинини аёвсиз калтаклагач, кўчага чиқиб кетди. Маҳбуба алданганига кўзи етди.

Боласини қучоқлаб узоқ йиғлади. Комил уйқуга кетаркан, аста ёнига чўкди. Аммо бугунги тун у учун охиргиси эканини хаёлига келтирмагандир? Кўчадан бўккунча ичиб келган эри яна уни дўппослаётганда ерга юзтубан йиқилди… Эрталаб жасади оғилда осилган ҳолда топилди.
– Менинг хабарим йўқ, ўзини осиб қўйибди. Негалигини билмайман… – Козим тинмай шу гапларни қайтараверди.
Бироқ Комилжоннинг гаплари фожиага аниқлик киритди…


Кўриб турганингиздек, биз аёлларга нисбатан зўравонликка оилавий масала деб қараймиз. Ҳамма ҳам оила ишига аралашаверишни ўзига эп кўрмайди. Болалигидан эрга итоат этиш ва уйнинг сирини кўчага олиб чиқмаслик руҳида тарбияланган келинлар бошига минг бало ёғилмасин, бировга бир нима демайди. Эр ҳам, қайнона-қайнота ҳам зўравонлик қурбони – келин ҳуқуқий идораларга мурожаат қилса, уни кечиришмайди, буни ўзлари учун иснод деб билишади.

Аёл учун ҳимоя ордери ҳам бир ойга берилади холос. Оиласига қайтгач, уни бундан-да аянчли қисмат кутиб турмаганига биров кафолат беролмайди. Ғишт қолипдан кўчгач эса…

Мазкур масала ҳаммани бирдай ташвишга солиши, қатъий ҳал қилиниши керак. Акс ҳолда яна нечалаб қиз-жувонларимиз жоҳиллар қурбони бўлиб қолаверади, миллат шаъни оёқости бўлаверади. Ахир аёллар миллат шаъни эмасми?!

Нилуфар НИЁЗОВА,
«Huquq»